Америка Қўшма Штатларида чоп этиладиган “The Bukharian Times” газетасининг 2019 йил 21-27 ноябрь санаси билан чоп этилган 928-сонида шу йил 22 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига оид мақола эълон қилинди.
Мақола “Сайлов кодекси – демократик сайловлар ўтказишнинг ҳуқуқий асоси” (“Избирательный кодекс – основа проведения демократических выборов”) деб номланган. Академик Акмал Саидов қаламига мансуб мазкур мақолада 2019 йил июнь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси тўғрисида батафсил маълумот берилган.
Муаллиф Сайлов кодексининг аҳамияти, ўзига хос жиҳатларини кенг таҳлил этган. Унинг таъкидлашича, янги қонун ҳужжати Ўзбекистонда бошланиб кетган сайлов жараёнларини демократик тамойиллар асосида ўтказишга хизмат қилади.
Таҳририятнинг мақолага кириш сўзида таъкидланишича, бугунги кунда АҚШда Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари истиқомат қилмоқда. Улар сайловда иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга. Шу маънода, газета саҳифаларида эълон қилинган сайлов мавзусидаги салмоқли мақола долзарб аҳамият касб этади.
Маълумот учун: “The Bukharian Times” газетаси АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси муассислигида ҳафтада бир марта чоп этилади. Газета 1996 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, инглиз, рус, ўзбек ва тожик тилларида нашр қилинади.
Бухоролик яҳудий ёзувчилар уюшмаси раиси Рафаэль Некталов ушбу газетанинг Бош муҳаррири ҳисобланади. Таҳририят офиси Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. Газета адади 10 000 нусха. Расмий веб-сайти: bukhariantimes.org
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.12.2019
- Кўришлар: 5434
- Чоп этиш