5 декабрь куни Тошкент шаҳрида “БМТ шартномавий органларига якка тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти ва энг мақбул тажрибалар таҳлили (Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита фаолияти мисолида)” мавзусида семинар-тренинг бошланди.
Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Семинарга вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, юридик таълим йўналишидаги олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаоллари таклиф этилган. Ўқув машғулотларини БМТ, БМТТД ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг халқаро экспертлари олиб бормоқда.
Тренингдан мақсад БМТ шартномавий органларига якка тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқиш амалиётини Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита фаолияти мисолида ўрганишдан иборат. Бу борадаги энг мақбул тажрибалар, келгусида амалиётда қўллаш нуқтаи назаридан, атрофлича таҳлил қилинади.
Маълумот учун: БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро шартномалари бажарилишини назорат қилиб борадиган 10 та шартномавий органи мавжуд.
Булар қуйидагилар:
Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита;
Иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасидаги ҳуқуқлар бўйича қўмита;
Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита;
Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмита;
Қийноқларга қарши қўмита;
Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита;
Меҳнаткаш-мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўмита;
Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмита;
Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмита;
Мажбурий ва ғайриихтиёрий тарзда йўқолиб қолиш муаммолари бўйича қўмита.
Бугунги кунда БМТнинг ушбу шартномавий органларидан саккизтаси (яъни, Меҳнаткаш-мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўмита ва Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитадан ташқари) хусусий шахслардан келиб тушадиган шикоятлар ҳамда якка тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқиш ваколатига эга.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар қоидалари бузилганлиги юзасидан БМТнинг шартномавий органларига шикоят қилишнинг учта асосий тури бор. Булар қаторига якка тартибдаги мурожаатлар, давлатларнинг бошқа давлатлар устидан шикояти ва суриштирув процедураси киради. Якка тартибдаги мурожаатлар – хусусий шахслар томонидан ўз ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида халқаро ҳуқуқ тизими доирасида шикоят тақдим этилишини англатади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.12.2019
- Кўришлар: 5641
- Чоп этиш