9 октябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Сулейман Арслан билан учрашди.
С.Арслан 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари иштирокчисидир.
А.Саидов меҳмонга ушбу халқаро анжуманда Туркия делегацияси фаол иштирок этгани учун миннатдорлик изҳор қилди. Ўз навбатида, С.Арслан Тошкент шаҳрида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг йиллик 6-семинари юксак савияда ташкил этилганини эътироф этди.
Маълумки, халқаро анжуман доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат Муқаддима ва 9 та моддадан иборат.
Меморандум БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича миллий институтларнинг мақоми ва фаолиятига тааллуқли тамойилларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Унда томонларнинг БМТ Уставида ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мавжуд тамойилларга содиқлиги таъкидланган.
Томонлар инсон ҳуқуқлари бўйича мазкур икки миллий институт ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида уларнинг ҳамкорлигини ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини умумэътироф этиш муҳимлигини қайд этган ҳолда, бир қатор масалаларда ўзаро англашувга эришдилар.
Бу ҳамкорлик ушбу Меморандум бўйича қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
• инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасида ахборот, қонун ҳужжатлари, ахборот-таҳлилий материаллар ва адабиётлар алмашинуви;
• Томонларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши борасида тажриба, ахборот ва таҳлилий материаллар алмашиш;
• иштирокчи давлат фуқароларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
• инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича тадқиқотлар ўтказишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш;
• инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва тренинглар ўтказиш, шунингдек, Томонлар ходимлари учун ташрифлар, амалиётларни ташкил этиш;
• инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича қўшма нашрлар тайёрлаш ва нашр этиш;
• инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш;
• инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мунтазам равишда икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш, Томонларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
• Томонлар ўртасида келишилган ҳамкорликнинг бошқа шакллари.Учрашувда ўзаро ҳамкорликдаги ана шу чора-тадбирларни амалга татбиқ этиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти 2016 йил апрель ойида ташкил топган. У тенг миқдордаги Ҳайъат ва Бошқарув аъзоларидан иборат.
Институт Бошқаруви таркибига кирадиган 11 нафар аъзо Туркия Президенти томонидан тайинланади. Бошқарув ўз зиммасидаги вазифа ва ваколатларни, масъулиятни зиммасига олган ҳолда, мустақил амалга оширади.
Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ташкил топган давридан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириб келмоқда.
Институт вакиллари – Туркиянинг Хусусий мулк, адлия, мудофаа, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, атроф муҳит ва шаҳарсозлик масалалари бўйича Омбудсмани Яҳя Акман билан Энергетика, саноат, солиқ, тижорат, илм-фан, таълим, маданият, туризм, ёшлар ва спорт масалалари бўйича Омбудсмани Ариф Дёлгер 2018 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида иштирок этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.10.2019
- Кўришлар: 5616
- Чоп этиш