8 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари давом этди.
Эрталабки мажлисда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари халқаро семинарнинг якунловчи ҳужжати лойиҳасини муҳокама қилдилар. Комиссия аъзолари томонидан билдирилган амалий фикр-мулоҳазалар асосида лойиҳа маромига етказилди.
Сўнгра халқаро анжуман иштирокчилари ялпи мажлисга тўпланишди. ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов ИҲТ Комиссияси йиллик 6-семинарининг якунловчи ҳужжатини анжуман аҳлига тақдим этди.
Халқаро семинарда Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди.
Анжуман иши жараёнида, Тошкент Декларацияси муқаддимасида таъкидланганидек, Ислом динида ёши улуғлар навқирон авлод учун намуна бўлиб хизмат қилиши ва ислом жамиятлари ўзининг асосий қадриятлари тизимини ўзида жо қилган шахсиятларни шакллантиришга интилиши тасдиқланди.
Халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Декларацияда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан намоён этилган таҳсинга сазовор етакчилик ва мақтовга лойиқ мавқе минатдорлик ҳиссини уйғотгани эътироф этилди. Ислом таълимоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига мувофиқ ёшлар ҳуқуқларини яхшироқ тушунишни рағбатлантириш учун ИҲТга аъзо барча давлатлар ва ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда, шунингдек, ИҲТ Бош котибияти, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Статистика, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда ислом мамлакатлари учун кадрлар тайёрлаш маркази ва Исломий ҳамкорлик ёшлар форумининг ёшлар ҳуқуқларини илгари суришдаги ўрни ва ҳиссаси эътироф этилди. Ушбу ташкилотлардан барча даражаларда ёшлар ҳуқуқлари аҳамиятини ошириш учун сиёсатчилар, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятининг хабардорлигини оширишга қаратилган мақсадли салоҳиятни ошириш дастурларини ишлаб чиқиш сўралди.
Тошкент Декларациясида халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган бир қатор муҳим ташаббуслар баён этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.10.2019
- Кўришлар: 5506
- Чоп этиш