Пойтахтимиз марказидаги “International House-Tashkent” академик лицейи анжуманлар залида Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва туман адлия бўлимлари томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва туман адлия бўлимлари масъуллари, соҳа мутахассислари, жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор адлия органлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Жумладан, Президент Фармони билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида илк бор туман адлия бўлимлари ташкил этилди. Адлия органлари зиммасига юкланган вазифалар салмоғи ортиши билан бир қаторда соҳа фаолияти самарадорлигини ошириш имкони юзага келди.
Матбуот анжуманида 2019 йилда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва туман адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан 14 198 та мурожаат келиб тушгани, шундан 8217 та (58 %) мурожаат қаноатлантирилгани қайд этилди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасига тааллуқли 1140 та мурожаатдан 536 таси ҳал этилган, 397 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ва 375 та мурожаат тегишли ваколатли давлат идораларига йўналтирилган.
Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири
- Қўшилди: 15.01.2020
- Кўришлар: 4918
- Чоп этиш