2 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 100-сессиясида иштирок этиш учун Женева шаҳрига ташриф буюрди.
Ўзбекистон делегацияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбоновдан иборат.
БМТИрқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 3-4 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган сессиясида Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Ўнинчи – Ўн иккинчи қўшма даврий маърузалари кўриб чиқилади. Сессияда, шунингдек, Камбоджа, Колумбия, Ирландия ва Исроил давлатларининг бу борадаги даврий маърузалари ҳам муҳокама қилинади.
Тадбирдан мақсад – ушбу Конвенция қоидалари бажарилишини таъминлаш борасида эришилган натижаларни муҳокама қилишдир. Мажлис якунида БМТ Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг бу борадаги таклиф ва тавсиялари тақдим этилади.
Маълумот учун: Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита БМТнинг шартномавий органидир. У Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидалари бажарилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади. Бугунги кунда 18 нафар мустақил эксперт мазкур Қўмитанинг аъзолари ҳисобланади.
Иштирокчи давлатларнинг барчаси тегишли Конвенцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ҳақида Қўмитага мунтазам маърузалар тақдим этиб боради. Дастлабки маъруза давлат ушбу Конвенцияга қўшилганидан сўнг орадан бир йил ўтиб тақдим этилади. Қўмита ҳар бир маърузани ўрганиб чиқиб, иштирокчи давлатга “якуний тавсиялар” мазмунидаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиради.
Ўзбекистон Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга 1995 йил 28 сентябрда қўшилган. Мамлакатимизнинг Конвенция ижроси бўйича Биринчи ва Иккинчи даврий маърузалари – БМТ Қўмитасининг 2000 йилдаги 57-сессиясида, Учинчи, Тўртинчи ва Бешинчи маърузалари 2006 йилдаги 68-сессияда кўриб чиқилган. Қўмитага, шунингдек, Ўзбекистон томонидан 2008 йили – Олтинчи ва Еттинчи маърузалар, 2012 йили – Саккизинчи ва Тўққизинчи маърузалар, 2018 йили эса Ўнинчи – Ўн иккинчи маърузалар тақдим этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.12.2019
- Кўришлар: 5057
- Чоп этиш