Жорий йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.
Ушбу халқаро семинарнинг асосий ташаббускорларидан бири бўлмиш ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ҳақида нималарни биламиз? Мазкур Комиссия раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Бунда, авваламбор, Ислом ҳамкорлик ташкилоти тарихига мухтасар назар солиш лозим, – деди А.Саидов. – Дунёдаги энг йирик халқаро ислом ташкилоти ҳисобланувчи ушбу нуфузли тузилма дастлаб Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) деб юритилган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти деган ҳозирги номини 2011 йилда олган. ИҲТ қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган.
ИҲТда инглиз, араб ва француз тиллари расмий иш тили ҳисобланади. ИҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш; ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш; давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш; ислом дини ҳақида турли ноҳақ ва ножўя маълумотларни бартараф қилиш; турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни ташкил қилишдан иборат.
Бугунги кунда ИҲТга икки миллиардга яқин аҳолига эга 57 давлат аъзодир. Бу кенг миқёсдаги ҳамкорлик муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим ўрин тутиб келмоқда.
ИҲТда БМТ, Россия, Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 1995 йил октябрь ойида мазкур ташкилотга кузатувчи, 1996 йил 2 октябрдан бошлаб тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия ИҲТнинг мунтазамлик асосида фаолият олиб борадиган мустақил тузилмасидир. У ИҲТга аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2011 йил 28-30 июнь кунлари Астанада бўлиб ўтган 38-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ тузилган.
Комиссия ИҲТнинг низом ва декларацияларида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасида умум эътироф этилган ҳужжатларда қайд этилган фуқаролик, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларни, ислом қадриятлари билан мувофиқ ҳолда мустаҳкамлаб бориш билан шуғулланади. У, шунингдек, давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ИҲТга аъзо давлатларнинг хотин-қизлар, ёшлар ва эҳтиёжманд кишиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу борада иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий-маърифий соҳалардаги ҳуқуқларни таъминлаш, барча шаклдаги зўравонлик ва камситишларга барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 18 нафар аъзодан иборат. Бу таркиб ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳукуматлари томонидан тавсия этилган ва инсон ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган экспертлардан ташкил топган.
Комиссия аъзолари ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан уч йил муддатга, бир марта қайта сайланиш имконияти билан сайланадилар. Сайловда ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида тенг географик тақсимот таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, Комиссияга араб мамлакатларидан – 6 нафар, Осиё қитъасидан – 6 нафар ва Африка қитъасидан 6 нафар аъзо сайланади.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2017 йил 10-11 июль кунлари Кот д’Ивуарда бўлиб ўтган 44-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига Осиё қитъасидан Ўзбекистон вакили сифатида аввал аъзо бўлдим. Бир йилдан сўнг, яъни 2018 йилда Комиссия раиси этиб сайландим.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги 2-3 йилдан буён Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан ҳамкорлиги фаоллашди ва янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон делегацияси таркибида 2018 йил 17-19 декабрь кунлари Жидда шаҳрида ИҲТ Котибияти томонидан ўтказилган Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг кенгашида иштирок этдим.
Ўша тадбир ҳам ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилганди. Бундан кўзланган асосий мақсад ИҲТнинг Исломда инсон ҳуқуқлари декларациясининг лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Биз Декларацияда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги нормаларни киритишни таклиф этдик. Ўзбекистон делегациясининг бу борадаги таклифлари тўлиқ эътиборга олинди.
Ўшанда Кенгаш иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ва кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бердик. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасида эришилаётган натижалардан хабардор қилдик.
Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми якунларига доир маълумотлар ҳамкорларимизда катта таассурот қолдирди. Биз, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, БМТ Бош Ассамблеясининг Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюцияси қабул қилингани, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш жараёнлари ҳақида атрофлича фикр алмашдик.
Дарвоқе, ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтадиган Йиллик 6-семинарида тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади.
Жорий йилда Ўзбекистон ИҲТнинг ушбу Комиссиясига раислик қилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Шу маънода, мазкур Комиссиянинг бу галги Йиллик семинари айнан юртимиз пойтахтида бўлиб ўтиши бежиз эмас.
- Қўшилди: 05.10.2019
- Кўришлар: 6125
- Чоп этиш