Бугунги кунда 500 нафардан ортиқ талаба жазони ижро этиш муассасаларида ўз қилмишига яраша қонунда белгиланган жазосини ўтамоқда.
“Янги Ўзбекистонни – ёшлар билан бирга қурамиз” шиори остида ички ишлар органлари жазони ижро этиш тизими фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларга бағишланган “Ёшлар пресс-клуби”нинг навбатдаги сессиясида шу ҳақда сўз борди, деб хабар берди xs.uz сайти.
Ушбу ёшларни масофадан туриб ўқитиш бўйича Ички ишлар, Aдлия, Олий ва ўрта махсус таълим, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Унда Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар учун онлайн тарзда таълим олишини давом эттириши кўзда тутилмоқда.
Маҳкумлар зарур адабиётлар билан таъминланади. Лекин таҳсилни давом эттирган маҳкумлар битирув имтиҳонларини жазо муддатини ўтаб бўлганидан сўнг таълим олган олийгоҳига бориб топшириб, дипломини олиши мумкин.
Республикадаги жазони ижро этиш муассасаларида ўтган йил давомида 26 турдаги фан, касб-ҳунар, спорт ва чет тиллари бўйича тўгаракларга 2000 нафарга яқин жазо муддатини ўтаётган ёшларни қамраб олишга эришилди.
Жумладан, 2019 йилнинг феврал ойидан бошлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 24-сонли вояга етмаганлар тарбия колониясида 8 та йўналишда фан ва чет тилларини ўргатиш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, 97 нафар вояга етмаганлар қамраб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот маркази
- Қўшилди: 21.02.2020
- Кўришлар: 4671
- Чоп этиш