Ноябрь ойининг дастлабки кунлари Марказ ташаббуси билан Фарғона шаҳрида «Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш» мавзусида тренинг машғулотлари ўтказилди. Ушбу ихтисослашган ўқув тадбири БМТнинг миграция агентлиги – Миграция бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўлида кенг қамровли ўзгаришлар изчилллик билан жорий этилмоқда. Жиноятчиликка, жумладан одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимизнинг хориждаги фуқаролари – меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одам савдоси жабрдийдалари ва ожиз мигрантларга ёрдам бериш масалаларига тобора катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари яратилган ҳамда бундай жиноят жабрдийдаларини ҳимоя қилиш механизмлари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.
Минтақамиз бўйича илк бор Ўзбекистонда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди. Бугунги кунда Миллий комиссия журналистлар иштирокида, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг ахборот-тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Давлат раҳбарининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Марказимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Марказнинг асосий вазифалари қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Марказ директори Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг аъзосидир.
Шу маънода, Фарғона шаҳрида ташкил этилган 2 кунлик тренинг машғулотларининг қуйидаги муҳим жиҳатларини таъкидлаймиз.
Биринчидан, Фарғона вилоятининг учта вилояти оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, маҳаллий давлат органлари ахборот хизматлари ходимларининг одам савдосига қарши курашиш мавзусини самарали ёритиш борасида касбий тайёргарлигини оширишга имкон қадар кўмаклашилди.
Иккинчидан, ўқув машғулотларини миллий, хорижий ва халқаро экспертлар олиб борди. Интерфаол шаклдаги мулоқотларда мавжуд назарий ва ҳуқуқий манбаларнинг аҳамияти амалий машқлар билан уйғунликда ўрганилди.
Учинчидан, тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Тингловчилар одам савдосига қарши курашиш мавзусида тайёрлаган материаллар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари, шаҳар ва туманлари оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Марказ ҳамда Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг расмий сайтларида эълон қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.11.2019
- Кўришлар: 5222
- Чоп этиш