Мамлакатимизда, 15 апрель ҳолатига кўра, карантин қоидаларига амал қилмаслик бўйича 42 минг 782 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарликларнинг атиги 10 таси ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш билан боғлиқ.
Бу ўнта ҳолатни умумий рақам салмоғи билан солиштирилса, чиндан ҳам, жуда кичик кўрсаткич экани аниқ. Аммо, Covid-19 ҳақидаги нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар коронавирусдан ҳам хавфли экани эътиборга олинса, бундай ҳуқуқбузарликнинг асоратлари қанчалик жиддийлигини англаш қийин эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 14 апрель куни халқаро жамоатчиликни Covid-19 билан боғлиқ дезинформация, яъни ёлғон ахборотлар тўлқинига тўсиқ қўйишга чақирди. БМТ Бош котиби бу борада янги ташаббусни илгари сурди: интернетдаги миш-мишу уйдирмаларга қарши илмий ва асосли далилларни тақдим этиш керак.
Антониу Гутерриш ўз видеомурожаатида ҳозирги кунда дунё аҳли Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр мобайнида кузатилмаган ўта жиддий инқирозни келтириб чиқарган Covid-19 пандемиясига қарши курашиш учун жипслашганини қайд этди. «Аммо бугун биз яна бир хавфли эпидемия – уйдирма ахборотлар эпидемиясига дуч келиб турибмиз», - деб таъкидлади у.
БМТ Бош котиби таъбири билан айтганда, бугун ҳамма жойда турли маслаҳатгўйлару эмчилар кўпайиб кетди. Бундайлар томонидан тавсия этилаётган ҳар хил "дори-малҳамлар" пировардида инсон соғлигига тузалмас зиён-заҳмат етказиши мумкин.
Ҳаво тўлқинларида ҳам очиқдан-очиқ ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. Интернет тармоқлари касалга қарши қайтариқ қилиш, афсун ўқиш ва шу каби сафсаталарга тўлиб-тошган. Фитна, нафрат, алоҳида инсонлар ва бутун бошли гуруҳларни ноҳақ айблаш ва қоралаш ҳолатлари тобора авж олмоқда.
«Бутун дунё мана шу хасталикка қарши курашиш йўлида ҳам бирлашиши даркор. Бу касалликнинг энг мақбул давоси – ишончдир», - деди БМТ Бош котиби. Илм-фанга, масъул институтларга, инсонлар ўртасида ўзаро ишонч жуда муҳимдир.
Антониу Гутерриш ижтимоий тармоқлардаги жамоатчиликни янглиштирадиган уюм-уюм мақола ва муносабатлар орасидан аниқ далилларни уйдирмалардан ажратиб, алоҳида саралаб тақдим этаётган журналистларнинг хизматини эътироф этди. Шу билан бирга, унинг фикрича, ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи компаниялар Covid-19 пандемияси билан боғлиқ адоватли ва зарарли баёнотларга янада қатъиятлироқ қарши туришлари зарур.
Давлат ташкилотлари эса фуқароларнинг ишончини қозониши учун, биринчидан, ўз фаолиятига ўта масъулият билан ёндашиши, иккинчидан, ишончли ахборотга таяниши тақозо этилади. Бош котибнинг таъкидлашича, ҳозирги инқирозни енгиб ўтишда ўзаро ҳурмат ва инсон ҳуқуқларига амал қилиш мезонлари барчамиз учун йўлчи юлдуз вазифасини ўташи лозим.
Антониу Гутерриш БМТнинг янги ташаббусини эълон қилар экан, бундан буён "интернетни аниқ далиллар ва илмий асосланган маълумотларга тўлдириб ташлаш"га чақирди. Шундагина «дезинформация тўлқини»га бас келса бўлади.
БМТ Бош котиби уйдирма ва ёлғон ахборотга нисбатан «оғу» таърифини қўллади.
Дарҳақиқат, оғу билан ёлғон ахборотнинг салбий таъсири ўхшашдир. Иккаласи ҳам инсоннинг соғлигига путур етказиши, ҳатто ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 16.04.2020
- Кўришлар: 4211
- Чоп этиш