Ўзбекистон Президенти Тинчлик кенгаши Низомини имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 21-22 январь куни Америка етакчиси ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Швейцарияда бўлди.

Давлатимиз раҳбари 22 январь куни Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашди.

Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда.

Тинчлик кенгаши можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга Янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтирмоқда.

Кенгаш таркибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олди.

Кенгаш Низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу мамлакатимизнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатади.

Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросими доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.

Етакчилар дўстона руҳда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Кўп томонлама, шу жумладан,   Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти “Blackrock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди.

Ушбу етакчи компания билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

“Blackrock” компаниясининг мамлакатимиздаги устувор лойиҳаларда иштирок этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Компаниянинг Ўзбекистондаги бир қатор корхоналар капиталига кириш, қўшма инвестиция механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро экспертизани жалб қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Давосдаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Мазкур етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Банкнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлиги барқарор стратегик тусга эга. Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Банкнинг инвестициялари ҳажми қарийб 7 миллиард долларга етди.

 2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

ЕТТБнинг “яшил” энергияни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик дастурларни амалга ошириш, молия бозорини ислоҳ қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.

Жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинди.

Аёллар ва ёшларни замонавий касблар ва бизнесга ўқитиш бўйича дастурларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давосдаги тадбирлар доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Сербия Президенти Александр Вучич, АҚШ савдо вазири Говард Латник, Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блер билан ҳам суҳбатлар ўтказди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Швейцарияга амалий ташрифи якунланди.

 ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech