5 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаеванинг мамлакатимизга амалий ташриф билан буюрган ЕХҲТнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили В.Ричи бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасида йўлга қўйилган очиқ ва ишончли мулоқотни ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Т.Нарбаева мамлакатимизда охирги йилларда одам савдосига қарши курашишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилганини, Миллий комиссия фаолиятида ушбу иллатга қарши курашиш борасида аниқ натижаларга эришилганини, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича халқаро ҳамкор ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан кенг кўламли ишлар олиб борилганини таъкидлади.
ЕХҲТ делегациясига Ўзбекистонда инсон хуқуқлари тизимини такомиллаштириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этиш, одам савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
В.Ричи Ўзбекистонда инсон хуқуқларини таъминлаш тизими юксак даражада эканлигини ва мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро хамжамият томонидан юқори баҳоланишини таъкидлади.
В.Ричи Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ислоҳотларга юксак баҳо бериб, Ўзбекистон томонининг парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтлари амалий ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ўз ўрнида ЕХҲТ доирасидаги давлатларнинг одам савдосига қарши курашишга мутассади давлат ва нодавлат ташкилотлари, парламент ва ҳукумат вакилларига Ўзбекистоннинг мазкур амалий таклифини баён этиши ва мазкур ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ЕХҲТ томонидан барча зарурий кўмак кўрсатилиши билдирилди.
Учрашув якунида томонлар одам савдосига қарши курашиш борасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид қатор масалалар юзасидан фикр алмашди ва келишиб олди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 07.10.2022
- Кўришлар: 5456
- Чоп этиш