Нукусда ўзбек тилида чоп этиладиган “Қорақалпоғистон тонги” ва қорақалпоқ тилида чиқадиган “Еркин Қарақалпақстан” газеталарининг 2021 йил 16 октябрь сонида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркзи директори, академик Акмал Саидовнинг “Элга хизмат қилмоқ – юксак шарафдир” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Мақола қорақалпоғистонлик оқсоқол Қаллибек оға Камоловнинг “Эл хизматида” номли салмоқли хотира китобига бағишланган.
Ушбу китоб 1995 йили “Қорақалпоғистон” нашриётида, 2018 ва 2019 йилларда эса “Билим” нашриётида қорақалпоқ тилида уч марта қайта нашр этилган. Ҳар бир янги нашр мазмунан бойитилиб, муаллифнинг мустақиллик даврида юртимизда эришилаётган улкан ютуқларга муносабати билан изчил тўлдириб борилган.
Жорий йилда китобнинг қайта ишланган ва тўлдирилган тўртинчи нашри ўзбек тилида илк бор чоп этилди. Китобни ёзувчи ва таржимон Ғафур Шермуҳаммад таржима қилган. Масъул муҳаррир – Назира Матяқубова.
Китобда асосан Қаллибек оға қорақалпоқ элига раҳбарлик қилган ХХ асрнинг 60-80-йилларида юз берган воқеа-ҳодисалар қаламга олинган. Мазкур хотираларда Қорақалпоғистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётига оид кўплаб тарихий воқеалар, муҳим далил ва рақамлар қайд этилган.
Маълумот учун: Қаллибек Камолов 1926 йили Орол денгизи бўйидаги “Тербенбес” деган маконда дунёга келган. 1963-1984 йилларда Қорақалпоғистон Республикасига раҳбарлик қилган, бир қатор масъул вазифаларда ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йилда Қаллибек Камоловни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.10.2021
- Кўришлар: 3733
- Чоп этиш