Акмал Саидов халқаро кузатувчи Жан-Антуан Дюпра билан учрашди

25 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчи – франциялик эксперт Жан-Антуан Дюпра билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократия муқобиллик принциплари асосида бўлиб ўтгани қайд этилди. Сайлов жараёнларини кузатиш учун кўпсонли миллий, хорижий ва халқаро кузатувчилар жалб этилгани ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирнинг адолатли ва қонуний, очиқ ва ошкора ўтишида муҳим ўрин тутгани алоҳида таъкидланди.

Меҳмоннинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг коронавирус шароитида сайлов тадбирларини ташкил этиш тажрибаси таҳсинга лойиқдир. Сайловчиларнинг фаоллиги, бир томондан, сайлов ҳуқуқи ҳар томонлама кенг таъминланганидан далолат бўлса, иккинчи томондан, фуқароларнинг мамлакат келажагига ишончи мустаҳкам эканини тасдиқлайди.  

Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, парлемантаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мавзуларида анжуман ва давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар, турли амалий тадбирлар ташкил этиш ҳақида келишиб олинди.

Маълумот учун: Жан-Антуан Дюпра 2017 йилдан буён Европада прогнозлаштириш ва хавфсизлик институтининг эксперти ҳисобланади. Мазкур Институт Европада ташқи сиёсат, тараққиёт ва хавфсизлик масалаларига ихтисослашган қарийб 250 нафар эксперт ва мутахассисларни ўзида жамлаган. 

Институт фаолиятидан кўзланган мақсад – долзарб мавзудаги халқаро муаммолар ва Европа ҳаётига тааллуқли масалалар юзасидан тадқиқотлар олиб бориш ҳамда матбуотда чиқишлар, нашр ишлари ва турли тадбирлар ташкил этиш йўли билан жаҳон жамоатчилигини ушбу изланишлар натижаларидан хабардор этиб боришдир.

Ж.-А.Дюпра мамлакатимизга илгари ҳам уч марта ташриф буюрган. Жумладан, 2014 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech