Жорий йилнинг 31 август куни қуйи палатада Олий Maжлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари А.Саидовнинг “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи раиси Э.Moрей билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида А.Саидов меҳмонларга мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан маълумот берди.
Мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, улардаги дўстлик гуруҳлари туфайли анча фаоллашгани, Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги алоқалар парламентлараро муносабатлар соҳасида жадал ривожланаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон – Франция ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, бу сайъ-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг октябрида Францияга амалга оширган давлат ташрифидан сўнг янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Учрашув чоғида Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада юқори поғонага кўтариш мақсадида барча имкониятларни ишга солиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Учрашув дўстона ва очиқ руҳда ўтди.
Манба: parliament.gov.uz
- Қўшилди: 06.09.2021
- Кўришлар: 3561
- Чоп этиш