Барқарор ривожланиш маркази билан танишув

          28 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бир гуруҳ ходимлари “Барқарор ривожланиш маркази” нодавлат нотижорат ташкилотига ташриф буюрди.

          Миллий марказнинг Барқарор ривожланиш маркази билан ўзаро ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Буни кейинги даврда биргаликда бир нечта муҳим тадбирлар ўтказилгани ҳам яққол тасдиқлайди.

          Бу ҳақда сўз борганда, аввало, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Фуқаролик жамияти институтлари ва сайлов” мавзусидаги халқаро давра суҳбатини қайд этиш мумкин. Онлайн ва офлайн шаклдаги ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” НТТ ва Тошкент давлат юридик университети томонидан ташкил этилди.

          Шунингдек, шу йил 1 июль куни Гулистон шаҳрида  “Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция ҳам ўзаро ҳамкорликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

          Маълумки, Барқарор ривожланиш маркази мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ривожланиш жараёнларини комплекс ўрганади, таҳлил қилади ва тегишли таклифлар ишлаб чиқади. Айни пайтда ушбу Марказ томонидан сайлов тизимини такомиллаштириш, Барқарор ривожланиш максадларига эришишда фуқаролик жамиятининг иштироки, ижтимоий-иқтисодий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.

          Миллий марказ ходимлари Барқарор ривожланиш маркази фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва йўналишлари билан танишдилар. Шунингдек, ҳозирги вақтда Барқарор ривожланиш маркази томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот олдилар.

          Ташриф якунида Барқарор ривожланиш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар жамланмаси ва “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг янги сонлари мазкур ННТ кутубхонасига беғараз  тақдим этилди.

 
         

Гўзал ФАХРИДДИНОВА,

«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари»

журнали бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech