БМТ Бош котиб лавозимига номзодларни саралаш жараёнини бошлади

Ўтган ҳафта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки асосий органи – Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши тузилмага аъзо давлатларга хат юбориш орқали Бош котиб лавозимига танлов жараёнини расман бошлади.

Ҳозирги БМТ раҳбарининг ваколат муддати 2026 йил охирида тугайди.

Ҳужжатда аъзо давлатлар Бош котиб лавозимига ўз номзодларини кўрсатишга таклиф қилинади. Таъкидланишича, ушбу муҳим лавозимни эгаллаган шахсдан самарадорлик ва ваколатнинг энг юқори стандартларига жавоб бериши, шунингдек, БМТ Низоми тамойилларига содиқлигини намойиш қилиши талаб этилади.

Номзод дипломатия ва коммуникация соҳасида етакчилик фазилатлари ва профессионал кўникмаларга эга бўлиши, бир нечта тилларни яхши билиши ва халқаро муносабатларда катта тажрибага эга бўлиши лозим.

Хат муаллифлари, шунингдек, БМТ Бош котиби лавозимини ҳеч қачон аёл киши эгалламаганлигини афсус билан таъкидлаган ва аъзо давлатларни аёл кишини номзод сифатида кўрсатишни жиддий кўриб чиқишга чақирган. 

– Биз шунингдек, Бош котибни танлашда минтақавий ўлчовнинг аҳамиятига эътибор қаратамиз, -дейилади хатда.

Номзод бир мамлакат ёки мамлакатлар гуруҳи томонидан кўрсатилиши мумкин, аммо ҳар бир давлат фақат битта шахсни кўрсатишга ҳақли.

Бош Ассамблея томонидан тасдиқланган процедурага кўра, номзодлар ўз номзодини илгари суришда БМТнинг махсус веб-саҳифасида эълон қилинадиган концепция баёнотини тақдим этишлари ва молиялаштириш манбаларини ошкор қилишлари шарт. Бош Ассамблея Президенти ҳар бир номзод билан интерактив веб-мулоқот ўтказади.

Ташкилот Низомига кўра, Бош котиб БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Хавфсизлик Кенгаши тавсияси билан тайинланади.

С.Раҳимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech