Болаларга нисбатан зўравонлик кечирилмайди
Айни пайтда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишларига юксак эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 декабрь куни имзоланган “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ана шу эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Эътироф этиш керак, фармонда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ижросини самарали ташкил этиш ҳамда жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига бўлган муросасизлик муҳитини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор янги тартиблар жорий этиш назарда тутилди. Хўш, бу айнан нималарда намоён бўлади?
Стратегия доирасида 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади.
Зўравонликдан жабрланган болалар билан процессуал ҳаракатлар давомида ишлашга масъул бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судьялар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизими ходимлари, шунингдек, адвокатларнинг суриштирув, дастлабки тергов ва суд процессида болалар билан ишлашнинг махсус усулларига оид касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш учун миллий ва хорижий эксперт ҳамда мутахассисларни жалб этган ҳолда қисқа муддатли курсларда ўқитилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳамда зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни алмашиш ва улар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон платформа яратилади.
Энг муҳими, 2026 йилнинг 1 сентябридан бошлаб зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этади. Зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади. Қолаверса, мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этиш билан боғлиқ ишлар доирасида болалар ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасида юзлаштириш тергов ҳаракатини фақат терговчи ва прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Зеро, болаларга нисбатан зўравонлик асло кечирилмайди.
Дилноза Ҳолиқназарова,
жиноят ишлари бўйича Мирзо
Улуғбек туман судининг судьяси
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский