23 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Францияда нашр этиладиган «L'Opinion» газетаси таҳририятининг “Осиё” бўлими мудири ва муҳаррири Клод Лебланcни қабул қилди. Француз журналисти мамлакатимизга сайлов жараёнларини ёритиш учун ташриф буюрган.
Мулоқот чоғида, авваламбор, демократик давлатнинг муҳим шарти – фуқаролар сайлаш ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишини таъминлаш экани таъкидланди. Сайлов ҳуқуқининг халқаро мезонлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат миллий сайлов қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган.
Куни кеча бўлиб ўтган сайловлар юртдошларимиз ана шу ҳуқуқларидан амалда фойдаланишининг яққол ифодаси бўлди. Бу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ортган шароитда ҳамда янги сайлов қонунчилигига мувофиқ бўлиб ўтгани эътиборга лойиқдир.
Француз журналисти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг моҳияти ва аҳамияти билан қизиқди. Суҳбат асносида кейинги уч йилда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг самаралари хусусида сўз борди.
К.Лебланc ўзини қизиқтирган барча саволларига жавоб олди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаолияти ҳақида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлди.
Меҳмонга Марказ томонидан нашр этилган янги китоблар туркуми тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.12.2019
- Кўришлар: 4883
- Чоп этиш