Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 27 ноябрь куни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Элчихонаси маслаҳатчиси Шипра Гошга интервью берди. Мулоқот келгуси йилда 70 йиллиги нишонланадиган Ҳиндистон Республикаси Конституциясига бағишланди.
Ушбу мулоқотнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 27 йил тўлиши арафасида бўлиб ўтгани бежиз эмас. Асосий Қонунимизни ишлаб чиқиш жараёнида дунёнинг 97 мамлакати, жумладан, Ҳиндистон Конституцияси ҳам атрофлича ўрганилган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро муносабатларини чуқурлаштириш мақсадида бир-бирига интилаётган мамлакатлардир. Кейинги даврда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга икки маротаба – 2018 йил октябрида ва 2018 йил январида амалга оширган давлат ташрифи буни яққол тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йилда Ҳиндистонда “Ўзбекистон маданияти йили”ни ҳамда Ўзбекистонда “Ҳиндистон маданияти йили”ни ўтказишни таклиф этди. Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлиги ва ҳамжиҳатлиги минтақалараро ҳамкорликка, тинчлик ва барқарорлик ишига хизмат қилмоқда.
Ҳиндистон 2020 йил 26 январда мамлакатни суверен, демократик республика деб эълон қилган Конституция кучга кирганининг 70 йиллигини нишонлайди. 1947 йилнинг 15 августида мустақилликка эришган Ҳиндистон ўтган ўн йилликлар мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг оғир йўлини босиб ўтди.
Ҳиндистон – дунёда энг кўпмиллатли мамлакатлардан бири. Мамлакатда турли тилларда сўзлашувчи бир неча юз миллат, элат ва қабила яшайди. Уларнинг бошини қовуштирувчи, тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашини таъминлашда амалдаги Конституция муҳим ўрин тутади.
Мулоқот чоғида Ҳиндистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти, Ўзбекистон ва Ҳиндистон Асосий қонунлари ўртасидаги ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатлар ҳақида сўз борди.
Суҳбат асносида, шунингдек, аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгалловчи Ҳиндистон жадал суръатларда ривожланаётган демократик жамият қуришга эришиши ва Осиёнинг қудратли давлатларидан бирига айланишида Конституция ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Маълумот учун: Ҳиндистон Республикаси Конституцияси 1949 йил 26 ноябрда парламент томонидан қабул қилинган ва орадан икки ой ўтиб, яъни 1950 йил 26 январда кучга кирган. Шундан бери Ҳиндистонда 26 январь – Республика куни сифатида нишонланади.
Мамлакат ҳуқуқий тизимида 1948-1960 йилларда юз берган энг муҳим ислоҳотлар Ҳиндистон янги Конституциясининг қабул қилиниши билан боғлиқ. Конституцияда фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари ва уларнинг кафолатларига кенг ўрин ажратилган. Қонунчилик ва суд қарорлари Конституцияга мувофиқ бўлиши шарт. Конституциявий назоратни амалга ошириш ҳуқуқи Олий судга тегишлидир.
Ҳиндистон Конституцияси, АҚШ Конституциясидан фарқли равишда, дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади. Мазкур Конституция 146 минг 385 та сўздан иборат. Кейинги 69 йил ичида Ҳиндистон Конституциясига 96 марта жами 500 тача тузатишлар киритилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.11.2019
- Кўришлар: 5595
- Чоп этиш