Экологик ислоҳотлар стратегик даражада кучайтирилади

Муносабат

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

Унда белгиланган вазифаларнинг аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов ўз муносабатини билдирди:

– Президентимизнинг мазкур қарори мамлакатимизда экологик ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор ва ўта долзарб ташаббуслардан бири ҳисобланади.  

Ҳужжат экологик бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш, экологик хавфсизликни кучайтириш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қарор асосида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ташкил этилиши, унинг бевосита Президентга ҳисобдорлиги ва ҳар қандай давлат органларидан мустақил фаолият юритиши — табиатни муҳофаза қилиш соҳасида марказлашган, қатъий ва самарали давлат сиёсатини амалга оширишга имкон яратади. Бу экологик муаммоларни кечиктирмай ҳал этиш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Алоҳида қайд этарли жиҳати шундаки, Экополиция фаолиятининг кучайтирилиши, инспекторларга махсус ваколатлар берилиши, замонавий техника ва махсус воситалар билан жиҳозланиши атроф-муҳитни ифлослантиришга қарши курашиш имкониятларини кескин оширади. Инспекторларнинг хизмат фаолиятида боди-камералардан фойдаланиши эса жамоатчилик назоратини таъминлаб, шаффофликни кучайтиради.

Соҳани рақамлаштиришга оид чора-тадбирлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ягона экологик онлайн платформанинг ишга туширилиши экологик маълумотларни реал вақт режимида йиғиш, қайта ишлаш ва очиқ тақдим этиш имконини яратади. Бу нафақат назорат механизмларини, балки аҳоли иштирокини ҳам сезиларли даражада кучайтириши шубҳасиз.

Қарорда белгилаб берилган компенсация тўловлари тизимини қатъийлаштириш, айниқса I ва II тоифадаги корхоналарнинг мониторинг станцияларини ўрнатиши шарт қилиб қўйилгани — табиатга зарар етказиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим қадам ҳисобланади.

Аҳолининг фаол экологик иштирокини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам эътиборга молик. Жумладан, дарахтзорларни сақлаб қолишга оид маҳалла аҳолиси ташаббуси билан муайян майдонларни олиб қўйишга тақиқ жорий этиш имконияти жамоатчиликнинг экологик сиёсатдаги ролини янада кучайтиради.

Шунингдек, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасининг ташкил этилиши экологик лойиҳаларни молиялаштиришда барқарор механизмларни шакллантириб, узоқ муддатли экологик сиёсатни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, мазкур қарор мамлакатимизда экологик ислоҳотларни стратегик даражада кучайтириш, экологик таҳдидларга тезкор ва қатъий жавоб бериш, аҳолининг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва соҳада замонавий бошқарувни жорий этишда жуда катта аҳамиятга эга.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech