7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг олтинчи йиллик семинари ўз ишини бошлади. “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги ушбу халқаро анжуманни ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов бошқармоқда.
Форум иштирокчилари тинч-тотув ва демократик жамият барпо этиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш учун ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Халқаро экспертлар мазкур асосий мавзунинг турли жиҳатлари ёритилган маърузаларини тақдим этишди.
Ислом мамлакатлари учун статистика, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича марказ вакили, профессор Сем Тентин ИҲТда иштирок этувчи давлатлар ёшларининг аҳволи тўғрисида маъруза қилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг ёшлар ҳуқуқлари бўйича гуруҳи раҳбари Жорж Каронис, Европа Кенгашининг ёшлар бўйича маслаҳат кенгаши раиси Анжа Олин-Папе, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова анжуман мавзуси доирасида сўзга чиқдилар.
Мунозараларда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари – Гвинея вакили Алҳуссейн Тҳиам, профессор Айдин Сафиханли, Нигерия вакили – элчи Муҳаммед Лаввал Сулейман, Уганда вакили – Камади Бийонабий, Тунис вакили – Моҳамед Тоҳар Ҳамдий фаол қатнашди. Шунингдек, ИҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар, инсон ҳуқуқлари бўйича бўйича миллий институтлар вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Халқаро анжуман 8 октябрь куни ўз ишини давом эттиради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.10.2019
- Кўришлар: 5686
- Чоп этиш