Ижтимоий шартнома тузиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган кўмак чораларини кўрсатишга доир тартиб-тамоилларни такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган кўмак чораларини кўрсатиш учун ижтимоий шартнома тузиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низомда:

ижтимоий шартнома асосида кўмак чораларини кўрсатиш; 

ижтимоий шартномани расмийлаштириш ва унда назарда тутиладиган шартлар; 

ижтимоий шартнома бажарилишини мониторинг қилиш тартиби белгилаб берилган. 

Қарорга кўра, маҳаллалардаги камбағал оилаларга кўмак чоралари 2025 йил 1 мартдан бошлаб Сирдарё вилояти Ховос туманида, 2025 йил 1 майдан бошлаб республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий шартнома асосида кўрсатилади. 

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар томонидан ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, ушбу оилаларга тўланадиган кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам миқдорини “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори билан 30 фоизгача камайтириш тартиби жорий этилади. 

2025 йил 1 мартдан бошлаб “Рақамли маҳалла” электрон платформасида ижтимоий шартнома асосида давлат томонидан ижтимоий кўмак чораларидан фойдаланиб, ўзининг мажбуриятларини бажармаган фуқароларнинг реестри юритилиб борилади. 

Реестрга камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режада белгиланган ижтимоий кўмак чоралари бўйича мажбуриятларни бажармаган фуқаролар киритилади.

Реестрга киритилган шахсларга улар Реестрда бўлган даврда “маҳалла еттилиги” ёки уларнинг вакиллари томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кредит, субсидия, грант ва моддий ёрдам турлари учун тавсиялар берилмайди. 

Қарорга мувофиқ: 

Оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари банд бўлиши шарти билан кўрсатиладиган айрим ижтимоий хизмат ва ёрдамлар рўйхати; 

Оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидан банд бўлиш шарти талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати; 

Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимига “Электрон ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди. 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech