Instagram ўсмирлар учун янги чекловларни жорий қилди

Вояга етмаган фойдаланувчилар бу созламаларни фақат ота-она рухсати билан ўзгартириши мумкин. Компаниянинг таъкидлашича, бу ўтган йили ўсмирлар аккаунтлари жорий этилганидан бери энг муҳим янгиланишдир.

Meta компанияси ўсмирлар учун Instagram платформасида янги чекловларни жорий қилди: энди улар фақат PG-13 даражасигача бўлган контентни кўриши мумкин бўлади, бу худди шу ёш тоифасидаги филмлар учун чекловларга ўхшайди, деб хабар берди Associated Press.

Вояга етмаган фойдаланувчилар бу созламаларни фақат ота-она рухсати билан ўзгартириши мумкин. Компаниянинг таъкидлашича, бу ўтган йили ўсмирлар аккаунтлари жорий этилганидан бери энг муҳим янгиланишдир.

PG-13 рейтинги 13 ёшгача бўлган болалар учун филмни (контентни) кўриш мақсадга мувофиқ эмаслигини англатади. Бу ўртача ёки қўпол зўравонлик, яланғочлик саҳналари, жинсий контекстли вазиятлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш саҳналари, сўкинишлар мавжудлигини ўз ичига олади.

Янги қоидалар ўсмирларга номақбул сўзлар, хавфли ҳийла-найранглар ва эҳтимолий зарарли хатти-ҳаракатларни рағбатлантириши мумкин бўлган контентни кўрсатишни тақиқлайди - масалан, марихуана атрибутлари бўлган постлар. Бундан ташқари, ўсмирлар ўз ёшига мос келмайдиган контентни мунтазам равишда жойлаштирадиган аккаунтларга обуна бўлолмайди ва агар улар аллақачон бундай саҳифаларга обуна бўлса, уларнинг постларини бошқа кўрмайди ва улар билан мулоқот қилолмайди.

Шунингдек, Meta блокланган қидирув сўровлари рўйхатини кенгайтирди. Илгари компания ўз жонига қасд қилиш ва овқатланиш бузилиши билан боғлиқ атамаларни блоклаган бўлса, энди чекловлар «алкогол» ва «шафқатсизлик» каби кенгроқ сўзларга, ҳатто улар хато ёзилган бўлса ҳам, тегишли бўлади. Янги қоидалар сунъий интеллектга ҳам таъсир қилади: Ўсмирлар учун AI чатлари энди PG-13 даражасидаги контентга мос келмайдиган жавобларни бермаслиги керак.

Янада қатъийроқ назоратни истаган ота-оналар учун Meta «чекланган контент» режимини ишга туширди. У кўпроқ материалларни блоклайди ва ўсмирларни пост остидаги изоҳларни кўриш, қолдириш ёки олиш имкониятидан маҳрум қилади.

Нашрнинг таъкидлашича, компания сиёсатидаги бу ўзгаришлар ижтимоий тармоқнинг болаларга етказаётган зарари учун доимий танқид қилиниши фонида содир бўлмоқда. Яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўсмирлар аккаунтларига ёшига мос келмайдиган шаҳвоний контент, шунингдек, ўз-ўзига зарар етказиш ва тана идроки билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги материаллар тавсия қилинган. Meta илгари вояга етмаганларга номақбул контентни кўрсатмасликка ваъда берган бўлса-да, бу механизмлар ҳар доим ҳам самарали ишламаган.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech