Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти Белград шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг 141-сессияси ишида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев Парламентлараро Иттифоқ мажлисида мамлакатимизда ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтида маълум қилинди.
Юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътибор марказида бўлиб келаётгани, буни кейинги икки йилда шу соҳага оид 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ўнлаб фармонлари, қарор ва фармойишлари қабул қилингани, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар тузилгани алоҳида таъкидланди.
Бу жараёнда парламент, хусусан, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва “Ёшлар клуби” фаолият олиб бораётгани, ҳар иккала тузилманинг айнан ёшлар масалалари юзасидан ташаббуслар илгари сураётгани аниқ ва амалий иш мисолида баён қилинди.
Халқаро анжуман иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
Маълумот учун: жорий йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари иштирокчилари ҳам Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббусини кенг қўллаб-қувватлади.
Мазкур халқаро анжуманинг якуний ҳужжати сифатида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Декларацияда, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан намоён этилган таҳсинга сазовор етакчилик ва мақтовга лойиқ мавқе минатдорлик ҳиссини уйғотиши қайд этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.10.2019
- Кўришлар: 6078
- Чоп этиш