Брюсселда имзоланган Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги кучайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим халқаро нашрлар томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўҳна қитъага ташрифининг мантиқий ва амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Италиянинг ANSA ахборот агентлиги давлатимиз раҳбарининг ташрифи хусусида эълон қилган мақолада мазкур ҳужжат 2024 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида эришилган келишувлар самараси сифатида ўзаро муносабатларни янги стратегик босқичга олиб чиқиши эътироф этилган.
Европа кенгаши президенти Урсула фон дер Ляйен таъкидлашича, “Ўзбекистон Европа учун Марказий Осиёдаги ишончли шерик бўлиб қолмоқда. Янги битим фуқаролар манфаати йўлида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлайди”.
Битим яшил энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Транскаспий йўлаги орқали минтақавий алоқаларни кучайтириш ҳамда “Global Gateway” ташаббуси доирасида лойиҳалар амалга оширишни назарда тутади.
Италия нашри ёзишича, республикамизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлаши Европа билан иқтисодий шерикликни янги поғонага кўтариш имконини беради. Умуман, Брюсселдаги келишув ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий ишонч, иқтисодий яқинлашув ва стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА
- Қўшилди: 27.10.2025
- Кўришлар: 44
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский