Казуши Ямамото: Токиодаги саммит поёнига етаётган йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди
Якунланаётган 2025 йил мамлакатимизички ва ташқи сиёсати учун анчайин самарали йил бўлди, дейиш мумкин. Президентимизнинг турли мамлакатларга амалга оширган давлат ва расмий ташрифлари, кўплаб йирик саммит ва форумлардаги иштироки бутун дунё эътибор марказида бўлди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Японияга амалга оширган расмий ташрифи ва “Марказий Осиё + Япония” биринчи мулоқотидаги иштироки халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айтиш мумкинки, глобал таҳлил марказлари мазкур ташриф воқеаларини диққат билан кузатди. Қуйида айрим хорижлик экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини келтирамиз.
Камакши Васон, халқаро “Tillotoma” жамғармаси бош директори:

– Сўнги йилларда Марказий Осиё давлатлари айниқса, Ўзбекистонда иқтисодий-сиёсий соҳаларда, халқаро ҳамжамият билан муносабатларда туб ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, ўлкадаги яқин қўшничилик, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар таҳсинга лойиқ. Масалан, яқинда Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё-Япония” саммити шунчаки рамзий йиғилиш эмас эди. Бу Япониянинг стратегик аҳамият касб этаётган минтақага нисбатан ташқи ва иқтисодий сиёсатидаги эътиборини акс эттирди.
Биринчи марта Марказий Осиёнинг барча давлати раҳбарлари Япония бош вазири билан биргаликда учрашишди, бу Токионинг минтақага икки томонлама муносабатлар эмас, балки изчил ва узоқ муддатли шерик сифатида қараш ниятини билдиради.
Айтиш жоизки, кунчиқар юртда юқори технологияли ишлаб чиқариш, яшил энергия ва мудофаа саноати учун зарур бўлган ноёб ер элементлари ва бошқа муҳим минераллар учун талаб юқорилигича қолмоқда. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон бунга муқобил манбани таклиф эта олади. Таъминот занжирларини диверсификация қилиш Токио учун устувор вазифага айланди ва Марказий Осиё билан ҳамкорлик бу кенгроқ мақсадга тўлиқ мос келади.
Эътироф этиш керак, саммитда Ўзбекистон етакчисининг иштироки муҳим аҳамият касб этди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, атроф-муҳит лойиҳалари ва рақамлли технологиялар ривожланишини қамраб олувчи 12 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги келишувлар эълон қилинди. Бу Янги Ўзбекистоннинг модернизация саъй-ҳаракатларини Япония каби технологик жиҳатдан ривожланган ҳамкорлар билан шерикликда амалга оширишга интилишини акс эттиради.
Маълумки, жорий йилда АҚШ президенти Дональд Трамп Марказий Осиё лидерларини Вашингтонга таклиф қилди ва минтақага қизиқиш Қўшма Штатлар иттифоқчилари орасида ҳам мавжудлигини таъкидлади. Япония нуқтаи назаридан, бу АҚШ билан рақобат эмас, балки мувофиқликни ва Вашингтон ва Токио ўртасида Марказий Осиё бўйича стратегик фикрлашда тафовут йўқлигини англатади.
Умуман олганда, Токиодаги саммит минтақа давлатлари билан барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга замин яратди.
Казуши Ямамото,АҚШ Жожртаун университети тадқиқотчиси:

– “Марказий Осиё+Япония” йиғини поёнига етаётган йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди, дейиш мумкин. Токио декларацияси “Марказий Осиё + Япония” мулоқотини “Central Asia plus Japan Dialogue” – (CA+JAD) янада юқори даражага кўтариш ва ҳамкорликни яшил барқарорлик босқичига олиб чиқиш тўғрисидаги келишувдир.
Биламизки, Марказий Осиё геосиёсий, иқтисодий хавфсизлик ва ўзаро манфаатли бизнес имкониятлари нуқтаи назаридан улкан салоҳиятга эга минтақа. Халқаро вазият кескин ўзгараётган бир вақтда минтақанинг Осиё ҳамда Европани боғловчи савдо йўли сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Қайд этиш керак, Япония беш йил ичида Марказий Осиёда умумий қиймати 3 триллион йен (тахминан 19 миллиард АҚШ доллари) бўлган янги бизнес-лойиҳаларни ишга туширишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, томонлар сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар, бу эса технологик шериклик учун янги имкониятлар очади.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский