Лондон: Тенглик ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссия вакиллари билан учрашув

12 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази делегацияси аъзолари Тенглик ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссиянинг (EHRC) Мониторинг бўйича гуруҳи директори Люк Тейлор ва Ушбу Комиссиянинг Манфаатдор томонлар билан ўзаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Хейли Вилингейт билан мулоқотда бўлдилар.

Томонлар даставвал ҳар икки тузилманинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатлари, фаолият йўналишининг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари ҳақида сўз юритдилар. Сўнгра ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, келгусида инсон ҳуқуқлари базасини шакллантириш, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида муқобил маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида мониторинг олиб бориш каби долзарб йўналишларда фикр ва тажриба алмашишга келишиб олинди.

Тенглик ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссия кутубхонаси учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган ва нашр этилган бир қанча китоблар ҳамда қўлланмалар тақдим этилди.

Маълумот учун: EHRC - Тенглик ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссия 2006 йили Тенглик тўғрисидаги қонунга асосан таъсис этилган. Комиссия Англия, Шотландия ва Уэльсда тенглик ва камситмаслик тўғрисидаги қонунлар талабларига амал қилинишини таъминлаш учун масъул ҳисобланади.  

EHRC Манчестер, Лондон, Глазго ва Кардиффда ўз офисларига эга. Комиссия бирор ташкилотга қарашли бўлмаган давлат органи бўлиб, унга Таълим вазирлигига қарашли Тенглик масалалари бўйича ҳукумат бошқармаси ҳомийлик қилади.

EHRC 2009 йили миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари бутунжаҳон тармоғининг аъзоси сифатида эътироф этилган ва Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари халқаро мувофиқлаштирувчи қўмитаси (ICC) томонидан аккредитация қилинган.  Бу, ўз навбатида, Комиссияга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, шартномавий органлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа органлари билан яқин ҳамкорликда ишлаши учун кенг йўл очган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech