ЖУРНАЛНИНГ ЯНГИ СОНИ САҲИФАЛАРИДА

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилига бағишланган навбатдаги сони нашр этилди.

Журналнинг дастлабки саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг “Мактабларда сифатли таълимни таъминлаш  соҳа фидойиларининг асосий мақсадига  айланиб бормоқда” номли мақоласи ўрин олган. Мақолада бугунги кунда умумий ўрта таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг аҳамияти ва натижалари аниқ мисоллар билан баён этилган. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактаб таълимини ислоҳ қилиш, соҳага замонавий технологияларни жорий этган ҳолда сифат кўрсаткичларини ошириш, фарзандларимизни билимли ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш мақсадида халқчил қадамлар қўйилаётгани ёритиб берилган.

Бугунги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро муносабатларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бормоқда. Буни жорий йил 27 февраль куни Женевада ўз ишини бошлаган   БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси ҳам яна бир бор тасдиқлади.

Ушбу нуфузли халқаро анжуманда муҳокама қилинган долзарб масалалар ҳамда етакчи халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари таҳлили билан академик Акмал Саидовнинг “Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” номли мақоласини мутолаа қилиш орқали танишишингиз мумкин. Мақолада инсон ҳуқуқлари универсал қадрият, ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт таъминланишининг энг муҳим шарти экани эътироф этилиб,  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини қатъий ҳимоя қилиб келаётгани таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умурзоқовнинг “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” номли мақоласи ҳам долзарб мавзуга бағишлангани билан аҳамиятли. Унда “ижтимоий давлат” тамойилининг мазмун-моҳияти, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан жорий йил бошида ташкил этилган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги фаолиятининг устувор мақсадлари ва асосий йўналишлари батафсил шарҳланган.

Шунингдек, “Халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон тажрибаси” рукнида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтининг Назарий-тарихий, давлат-ҳуқуқий, конституциявий-ҳуқуқий фанлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар  доктори, профессор Жўрабой Тошқуловнинг “Ислом давлатларида инсон ва фуқаролар шахсий ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатлари” номли мақоласи ҳам диққатга сазовор.

Мақолада ислом давлатларида инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий асослари, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, инсон ҳаётининг дахлсизлиги, соғ-саломат ҳаёт кечириш ҳуқуқи, фикр, сўз ва матбуот эркинлиги, турар жой дахлсизлиги, диний эътиқод эркинлиги, шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг давлат томонидан кафолатланиши ислом давлатларининг амалдаги конституциявий нормалари асосида таҳлил қилинган.

“Тарих саҳифаларида” рукнида тақдим этилган юридик фанлар номзоди, доцент Мавлуда Эргашеванинг “Мунаввар қори – буюк ҳуқуқшунос  ва миллат фидойиси” номли мақоласида эса буюк маърифатпарвар жадид бобомизнинг ҳуқуқий қарашлари ва элу юрт равнақи йўлидаги беқиёс хизматлари ёритилган.

Журнал саҳифаларидан ўрин олган С.Ғафуров, Ж.Ширинов, О.Пирматов, Ҳ.Юнусовнинг ўзбек тилидаги, Д.Тўраева, А.Рейимбаев, Д.Муратова, О.Аҳмадов, А.Набиев, А.Рамазоновнинг инглиз тилидаги, С.Абдуразаков, Х.Кучкаров, М.Тиллабаев, Ж.Уруновнинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишланган.

Журнал мутолааси асносида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумининг якуний ҳужжати – 2023-2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни  ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида танишиш имкониятига эга бўласиз.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech