МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 5-бўлими 2-қисми 1-бандига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2023 йил 7 апрель ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади.
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 67 банди (85%) бўйича ижро муддати якунланган, шундан 6 банд бўйича ижро муддати узайтирилган, 62 банд (79%) бўйича ишлар бажарилган. 16 бандни (21%) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
- Миллий стратегияда жами 33 та қонун ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган, жумладан янги қонун ҳужжатлари лойиҳалари – 20 та, амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳалари – 4 та, амалдаги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари – 9 та.
- Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг 13 та қонунлари қабул қилинди:
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни (янги таҳрири);
“Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонун;
“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуни;
“Таълим тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири);
“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири);
“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги;
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрири);
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги;
“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги;
“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;
“Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;
“Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, 11 та янги қонунлар (“Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида”ги, “Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги) лойиҳаси ишлаб чиқилган, уларни қабул қилиш жараёни амалга ошмоқда.
Шунингдек, 3 та янги кодекс (Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Экология кодекси, Тадбиркорлик кодекси) лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири (Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Уй-жой кодекси) лойиҳаси тайёрланиб, уларни қабул қилиш жараёни амалга оширилмоқда. 2 та янги кодексни (Соғлиқни сақлаш кодекси, Ахборот кодекси) ишлаб чиқиш давом этмоқда.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга бевосита қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилиниб амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9 та фармони қабул қилинди:
“Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;
“2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги;
“Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги;
“Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги;
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;
“Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;
“Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та қарори қабул қилинди:
“Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги;
“Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги;
“Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги;
“Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги;
“Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори қабул қилинди:
“Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги;
“Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги;
“Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги;
“Ногиронлиги бўлган шахсларинг бандлигига кўмаклашишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Миллий стратегия билан белгиланган вазифаларни амалга оширишдаги ютуқлар билан бирга айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Хусусан Миллий стратегия билан белгиланган “Оммавий тадбирлар”, “Судьялар ҳамжамияти органлари”, “Хусусийлаштириш”, “Ижтимоий тадбиркорлик”, “Мажбурий тиббий суғурта”, “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти”, “Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ишлари якунланган бўлса-да, улар ҳали ҳануз қабул қилинмаган.
Ўзбекистон Ресрубликаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 3 мартдаги SQ-698-IV-сон қарори асосида юқорида келтирилган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига китириш белгиланди.
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди. Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Конституция матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланмоқда. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда.
Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Хусусан, конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, Интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек “Инсон қадри учун” тамойили асосида Конституция лойиҳасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
- “Йўл харитаси”нинг 4-банди ижросини таъминлаш доирасида 2022 йилда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.
2022 йилда жами 200 дан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакаси оширилди. Жумладан, 26-27 май кунлари халқаро экспертлар иштирокида Республика барча ҳудудларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ўтказилди. 1-3 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонлигининг олдини олиш” мавзусида тренинг ўтказилиб, жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонликка қарши курашиш бўйича халқаро стандартлардан хабардорлиги оширилди.
2022 йил 15 июлда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича Марказий Осиё ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Нельсон Мандела халқаро кунига бағишланган онлайн давра-суҳбати ташкил килинди. Давра суҳбатида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари иштирок этиб, уларга халқаро ва миллий экспертлар томонидан “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”, “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари”, “Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида БМТнинг Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидаларини қўллаш” каби мавзуларда маърузалар тақдим этилди.
Мамлакатимизда демократлаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар тўғрисида кенг жамоатчиликни ва хорижий давлатларнинг сиёсатни шакллантирувчи доираларини хабардор қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. 2022 йил 19-20 май кунлари “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари” мавзусида 35 та вазирлик ва идораларнинг матбуот хизмати ходимлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди.
2023 йил 22-23 февраль кунлари Миллий марказ, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди. Ўқув курсларида Миллий марказ, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Давлат ва ҳуқуқ институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Фарғона вилоят ишки ишлар тизимининг 50 нафар ходимлари иштирок этди.
2023 йил 29-30 март кунлари Бухоро шаҳрида ҳам “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ташкил этилди. Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Бухоро вилояти прокуратураси 10 нафар ва ички ишлар тизими 50 нафар ходимлари иштирок этди.
Ушбу ўқув курсилари БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда иштирокчиларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги билимларини ошириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш бўйича халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилган эди.
Бугунги кунда Марказда инсон ҳуқуқлари соҳасида электрон курсларини жорий қилиш мақсадида электрон платформани ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Электрон платформада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича материаллар жойлаштирилади.
- “Йўл харитаси”нинг 6-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 мартдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги ПҚ–180-сон қарори қабул қилинди. Қарор билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди. Шунингдек, Марказга инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар ҳамда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш вазифалари юклатилди.
2021 йил давомида ва 2022 йил 1-ярми давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 40 дан яқин амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди ва 80 дан ортиқ давлат органлари, ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига тарқатилди.
2023 йил 1-чорагида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Зангиота тумани, Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази, Бухоро, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятидаги ахборот-кутубхоналари марказлари, мактаб ҳамда қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига жами 1 минг 530 та адабиётлари тақдим этилди. Бундан ташқари, Бухоро ва Фарғона вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида бўлиб ўтган ўқув машғулоти тингловчилларига 330 та китоб тақдим этилди.
- “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижросини таъминлаш доирасида 2022 йилда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари кенгайтирилди. Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларига кўмак бериш ва уларнинг қайта интеграциялашувини таъминлаш тизими шакллантирилди. Меҳнат мигрантлари оилаларининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш, уй-жой шароитларини яхшилаш оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар давом эттирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш чоралари белгиланди. Унга кўра, мигрантларнинг моддий ёрдамга муҳтож оилаларига, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига, болаларига моддий ёрдам кўрсатиш, меҳнат мигрантларига турли компенсациялар тўлаш тартиби белгиланди.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасига доир қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 2022 йилда жами 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (шундан 3 та қонун, 3 та Президент фармони, 1 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори) қабул қилинган ва амалиётга татбиқ этилган.
- “Йўл харитаси”нинг 24-банди ижросини таъминлаш доирасида БМТ қўмиталарининг тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаларини Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши амалиёти такомиллаштирилмоқда.
2022 йил 15-16 февраль кунлари БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессиясида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси кўриб чиқилди.
БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг
2022 йил 19 декабрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланди.
2022 йил 22-24 февраль кунлари БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси 71-сессиясида Ўзбекистоннинг Учинчи миллий маърузаси кўриб чиқилди. Қўмита Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормаларининг бажарилиши тўғрисида юзасидан ўзининг Якуний мулоҳазаларини тақдим этди. Якуний мулоҳазаларда Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳоланиб, Халқаро пакт талабларини амалга оширишни давом эттириш бўйича тавсиялар ўз ифодасини топди.
БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 19 декабрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланди.
2022 йил 31 август – 1 сентябрь кунлари БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясида Ўзбекистоннинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан Бешинчи миллий маърузаси кўриб чиқилиб, Қўмитанинг Якуний мулоҳазалари тақдим қилинди. Ҳозирги кунда Қўмита Якуний мулоҳазарида кўрсатиб ўтилган тавсияларни амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.
- Миллий стратегия “Йўл харитаси”нинг 27-бандида Миллий стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида 2022 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳамкорлиги” мавзусида Миллий форум ташкил этилди.
Миллий форумда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Миллий форумда давлат органлари,нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, халқаро ташкилотлар экспертлари, хорижий давлатларнинг вакиллари иштирок этди.
Миллий форум муҳокамаларида иштирокчилар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаоллигини ошириш ва бу борада давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича асосли тавсиялар ишлаб чиқилди.
- “Йўл харитаси”нинг 45-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг йўналишлари кўрсатилди, жумладан:
- ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш;
- мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш;
- ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш;
- ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш.
Шунингдек, Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисобидан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, бахтсиз ҳодиса, иш ўринларининг қисқариши ва бошқа ҳолатларда даромадсиз қолишдан ҳимоя қилиш, барча юридик шахсларда аёлларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланди.
Мазкур Стратегиянинг қабул қилиниши мамлакатда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш имконини беради.
- “Йўл харитаси”нинг 39-банди ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи компанияларни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганлигини тан олиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди.
28 сентябрь куни эса, АҚШ Меҳнат вазирлигининг «Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати — 2022» йиллик ҳисоботи эълон қилинди. Унга кўра, АҚШ ўзбек пахтасини болалар ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарди.
Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларининг олдини олишни назорат ва мониторинг қилиш тадбирлари янада кучайтирилди. 2021 йилда Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнатга оид 146 та мурожаат келиб тушиб, барча соҳаларда мажбурий меҳнатга йўл қўйган 75 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган бўлса, 2022 йилда 65 та мурожаат келиб тушиб, 21 нафар айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Ушбу ҳолатда 115 нафар мажбурий меҳнатдан жабрланган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланган.
- “Йўл харитаси”нинг 40-бандини ижро этиш доирасида 2022 йил 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Янги Меҳнат кодексида меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш асослари инсоннинг меҳнат ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилди. Хусусан, инсоннинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқи мустаҳкамланди.
Меҳнат кодексида ходимнинг ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамланди:
биринчидан, меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш берувчига тақдим этилган, ходимнинг, шунингдек, унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар ҳимояси кафолатланди;
иккинчидан, ходимларнинг йиллик асосий таътили муддатининг давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь кун этиб белгиланиб, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисида»ги 1970 йилги конвенцияси 3-моддасига мувофиқлаштирилди;
учинчидан, дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолган тақдирда, у байрамдан кейинги иш кунига кўчирилиши тартиби киритилди;
тўртинчидан, ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарти билан иш берувчи ва ходим ўртасида масофавий меҳнат муносабатлари жорий этилиши мумкинлиги мустаҳкамланди (COVID-2019 пандемияси масофавий меҳнатни қонуний тартибга солиш заруратини кўрсатиб берди);
бешинчидан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланди.
- “Йўл харитаси”нинг 44-банди ижросини таъминлаш доирасида Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тизимли давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди. Миллий дастурда хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан:
- хусусий корхоналар ва ташкилотларда аёлларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси белгиланди;
- олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди, магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди;
- ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди.
Шу билан бирга, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилди. Ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш бўйича ўзига хос тизим яратилди. 2016 йил юртимизда раҳбар аёллар сони 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 12 фоизга етди, 2022 йилга келиб эса раҳбар аёлларнинг улуши 27 фоизга, тадбиркорлар орасида эса 25 фоизга етказилди. Давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган истиқболли хотин-қизларнинг Ягона электрон базаси яратилиб, унда 25 мингдан ортиқ раҳбарликка номзод хотин-қизларнинг захира рўйхати шакллантирилди.
2022 йил 24 ноябрь куни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ва 2022-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан ҳокимият органларида раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг сонини ошириш бўйича вақтинчалик махсус чора-тадбирларни қабул килиш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг ҳимоясини кенгайтириш, одам савдосига, жумладан аёллар ва болалар савдосига қарши курашишни кучайтириш, ваколатли давлат органларининг хотин-кизларга нисбатан зўравонлик хавфининг олдини олиш бўйича тайёргарлиги ва масъулиятини ошириш каби чора-тадбирлар белгиланди.
- “Йўл харитаси”нинг 58-бандини ижро этиш доирасида қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни давлат томонидан компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун 2022 йил 29 март куни Президент томонидан имзоланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг дастлабки лойиҳаси тайёрланди ва 2022 йил 28 июлда вазирлик ва идораларга кўриб чиқиш учун юборилди. Келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонуни лойиҳасига ўзгартирилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят ижроия кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Ҳозирда қонун лойиҳаси тайёрланиб идоравий келишувга юборишга тайёрланмоқда.
Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмиталарининг тавсияларига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Қонун лойиҳаси қийноқ ҳолатларини олдини олишнинг амалдаги механизмларини такомиллаштириш ва янги механизмларни жорий этилиши қаратилган бўлиб, унга биноан, Жиноят-ижроия кодекси “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизми” деб номланган янги боб билан тўлдирилмоқда. Мазкур бобда, миллий превентив механизм иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мониторинг ташрифлари якунлари бўйича тавсиялар бериш тартиби ва бошқа масалалар ўз аксини топган.
- “Йўл харитаси”нинг 66-банди ижросини таъминлаш доирасида “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” мутахассисликлари бўйича магистр кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Ушбу йўналишда Бош прокуратура Академиясида 2021-2022 ўқув йили учун 10 та қабул квотаси тасдиқланиб, магистрантлар қабул қилинган. 2022/2023 ўқув йилида мазкур мутахассислик бўйича қабул квотаси оширилиб, 15 та қилиб тасдиқланган.
- “Йўл харитаси”нинг 68-банди ижросини таъминлаш доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида 2023 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон РеспубликасидаИнсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор “Йўл харитаси”да қуйидагилар назарда тутилди:
- 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади;
- терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслар доимий равишда ташкил этилади;
- раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича ўқув курслари жорий қилинади;
- Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформа яратилади ва ушбу платформа орқали ўқув курслар ва семинар-тренингларни “онлайн” ўтказиш мумкин бўлади;
- “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” йиллик Миллий танлови ўтказиб борилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади;
- “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” туркум қўлланма ва рисолалар тайёрланиб, чоп этилади ва шу асосда семинар-тренинглар ўтказиб борилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар бурчаги” ташкил этилади. Унинг фонди доимий равишда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари, соҳа бўйича ўқув, илмий-услубий ва халқаро нашрлар билан таъминлаб борилади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида 2023 йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилди. Ҳафталик давомида олий ва умумтаълим муассасаларида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари олий- қадирят” мавзуларида 50 га яқин семинар, давра суҳбати, маҳорат дарслари, видеоконференция, учрашувлар ўтказилди. “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Жумладан, Ҳафталик доирасида 39 та видеолавҳа тайёрланди. Шундан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларида ҳафталикка доир 31 та чиқишлар қилинди, “Ўзбекистон-24” телеканалида: 13 та интервью ва видеолавҳалар эълон қилинди. ЎзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳафталикка доир 20 дан ортиқ хабарни бир неча тилда кенг тарқатди.
- “Йўл харитаси”нинг 69-банди ижросини таъминлаш доирасида 2022 йилда жами 8 нафар мустақил тадқиқотчилар расмийлаштирилди. Мустақил изланувчиларнинг илмий мавзулари ОАК расмий сайтида эълон қилинди. Мустақил изланувчиларнинг илмий тадқиқот режалари тасдиқланди. Ҳозирги кунда ушбу режалар доирасида тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Марказ ҳузурида 12.00.13 - “Инсон ҳуқуқлари” (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисослиги бўйича таянч докторантурага 3 нафар ёш тадқиқотчилар қабул қилинди. 2022 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистан Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.39/30.11.2020.Yu/S.128.01 рақамли илмий кенгашда 12.00.13 – Инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича диссертация ҳимояси ташкилий қилинди.
- “Йўл харитаси”нинг 72-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари белгиланди. Жумладан:
- ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларнизамонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёзлар бериш;
- 2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилишни бекор қилиш;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни протезлар ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминлаш;
- Адлия вазирлигининг “Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш учун алоҳида мурожаат бўлими яратиш;
Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилига қабул жараёнидан бошлаб қабул тартиби, тест синовлари тўғрисида абитуриентларга маълумот бериш учун тайёрланадиган материаллар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлиши, жумладан, видеороликлар сурдотаржима ёки субтитрлар илан намойиш этилиши, таълим олаётган ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун ногиронлиги бўлган шахснинг оила аъзоси ёки бошқа шахсларга олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахснинг ёнида бирга бўлиши учун шароит яратиш белгиланди.
- “Йўл харитаси”нинг 75-банди ижросини таъминлаш доирасида 2023 йил 13-15 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Ушбу ташрифнинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, бу борадаги ислоҳотларнинг қатъийлигига бевосита ишонч ҳосил қилиш ва ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати натижадорлигини таҳлил этган ҳолда, истиқболдаги ишларнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.
БМТ Олий комиссари Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни илгари суриш, суд идораларининг мустақиллигини ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муваффақиятлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури қабул қилингани, мамлакатимиз БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани, қийноқларнинг олдини олиш бўйича фуқаролик жамияти институтлари иштирокидаги превентив механизм яратилгани, можаролар ҳудудларидан хотин-қизлар ва болалар ўз юртига қайтарилгани, уларнинг қайта ижтимоий интеграциялашуви учун барча зарур шароитлар яратилганини юқори баҳолади.
- “Йўл харитаси”нинг 73-банди ижросини таъминлаш доирасида 2022 йил 7 февралда Халқаро меҳнат ташкилотининг «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида»ги 167-сонли Конвенцияси ратификация қилинди. Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.
- “Йўл харитаси”нинг 76-бандини амалга ошириш доирасида 2022 йил 5–6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Aссамблеяси 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ташкил этилди.
Глобал форумда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилинди, бу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимоти ташкил этилди, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Глобал форумда 120 дан ортиқ халқаро экспертлар ва 2000 дан ортиқ миллий ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича адабиётлар кўргазмасида инсон ҳуқуқлари таълимига бағишланган 250 га яқин номдаги мингдан ортиқ китоб ва илмий журналлар намойиш этилди.
Жаҳоннинг турли университетларининг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасалари педагоглари, талабалари, давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, жами 7000 дан ортиқ тингловчилар учун “инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари” ташкил қилинди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги Янги Ўзбекистон сиёсати тўғрисида аҳолини ва халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича ишлар амалга оширилди. Миллий ва жаҳон ахборот майдонларида 300 дан ортиқ ахборот ва ахборот-таҳлилий материаллар жойлаштирилди. Интернет ва ижтимоий тармоқларда Глобал форум материалларини кўришлар сони 250 мингдан ошди.
Глобал форумда Ўзбекистоннинг инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги сиёсати ва ташаббуслари, Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланди.
Глобал форумнинг Якуний ҳужжати – Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Глобал форумининг якуний ҳужжати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олти расмий тилига – араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилларига таржима қилингани ҳолда БМТга аъзо барча давлатлар, унинг ихтисослашган муассасалари ўртасида тарқатилди, А/77/800 рақами остида ташкилот журнали ҳамда унинг расмий ҳужжатлар тизимига жойлаштирилди.
Ҳужжатда Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия умуминсонийлик, бўлинмаслик ва ўзаро боғлиқлик тамойилларига мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига умумбашарий ҳурмат ва уларга риоя этилишини рағбатлантиришнинг асоси эканлигини ҳамда одамларнинг барча ишларда тўлиқ иштирокини таъминлаш учун зарур эканлигини ҳисобга олиб, уларнинг ҳаётига таъсир қилувчи қарорлар қабул қилиш жараёнлари - фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик, рақамли камситиш ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилиши, шунингдек, зўравонлик ва можароларнинг олдини олишга таянишига эътибор қаратилган.
- Қўшилди: 12.04.2023
- Кўришлар: 4917
- Чоп этиш