23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва
муаллифлик ҳуқуқи куни
Бу йил ушбу халқаро сана Ўзбекистон учун ғоятда аҳамиятли иккита байрам билан ҳамоҳангликда нишонланмоқда. Булардан бири – 21 апрелда китоблар ва адиблар каби эзгуликни тараннум этадиган Ҳайит айёми бўлса, иккинчиси – 30 апрелда халқимиз янгиланаётган Конституциямиз учун референдумда овоз беради.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 53-моддасида қуйидаги нормалар мустаҳкамланмоқда:
“Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади.
Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”.
Шунингдек, Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб икки баробарга ошмоқда.
Буларнинг барчаси, бир томондан, китобхонлар учун мутолаа имокиятлари кенгайиши, иккинчи томондан, муаллифларнинг бадиий ижод эркинлигига равон йўллар очилишидан далолатдир. Албатта, янгича конституциявий мезонлар Янги Ўзбекистонда нашриёт-матбаа фаолияти ҳам замонавий ўзанларда жадал равнақ топишига туртки бериши тайин.
Бир сўз билан айтганда, том маънода китобхонлик даврига қадам қўймоқдамиз. Зеро, улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари сўзлари билан айтганда, “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.
У зот замонасидан сўнг орадан қарийб тўққиз аср ўтгач, яъни 1995 йил 15 ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессияси қарорига мувофиқ, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилинган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг “Болалар ва ўсмирлар адабиётида бағрикенглик ғояларини тарғиб этганлик учун” номли мукофоти таъсис этилган.
Бу қарорнинг замирида, бир томондан, барча заминдошларимизни китоб мутолаасидан завқу шавқ олишга, иккинчи томондан, ўз асарлари билан инсониятнинг ижтимоий ва маданий тараққиётига бемисл ҳисса қўшган шоирлар ва ёзувчилар, драматурглар ва сценарийнавислар, олимлар ва мутафаккирлар – жами муаллифларга эҳтиром кўрсатишга жаҳоний даъват ўз мужассамини топган.
Шу тариқа 23 апрель — барча муаллифлар, ноширлар, устозлар, кутубхоначилар ва китоб оламига алоқадор касблар эгаларининг умуминсоний байрам кунига айланди. Худди шу санада дунёнинг кўплаб мамлакатларида китоб ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этиш анъана тусини олди.
Бу ҳақда сўз борганда, ЮНЕСКО томонидан 1952 йили Женевада ташкил этилган конференцияда бутунжаҳон муаллифлик ҳуқуқи белгиси (©) амалиётга татбиқ этилгани улкан ютуқлардан бири бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни шу анжуманда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги бутунжаҳон конвенцияси ҳам қабул қилинган.
Ҳозирги вақтда Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида миллионлаб инсонлар томонидан нишонланади. Сана муносабати билан турли уюшмалар ва касбий ташкилотлар, мактаблар ва олий ўқув юртлари, давлат муассасалари ва хусусий корхоналарда маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Ўтган даврда шу байрам туфайли Ер юзининг турли қитъаларида яшайдиган ва турли маданиятларга мансуб бўлган қанчадан-қанча инсонлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик туйғулари қарор топди ҳамда мустаҳкамланди. Муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳолати тубдан яхшиланди.
Башар аҳли китобнинг аҳамияти ниҳоятда серқирралигини тобора теран англамоқда. Яъни, китоб:
- билимлар кони;
- қадриятлар тимсоли;
- маънавий мерос қўрғони;
- цивилизациялараро мулоқот воситаси;
- ранг-баранг маданиятлар кўзгуси;
- моддий фаровонлик манбаи;
- муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган ноёб ижод маҳсулидир.
Жорий йилда таъсис этилганига 28 йил тўлган ушбу халқаро сана 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Китоб ва китобхонлик, ижод ва ижодкорлик, маданият, маънавият ва маърифатни тарғиб этишга қаратилган бу муҳим сана жорий йилда мамлакатимизда одатдагидан-да тантанали тарзда кутиб олингани бежиз эмас. Чунки:
китоб – бизга ҳаётни ўргатади;
китоб – ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади;
китоб – билим ўргатишнинг энг қудратли омили ва билимни асрашнинг ишончли воситаси бўлиб хизмат қилади;
китоб – инсонни маърифатга ошно этади;
китоб – дунёдаги турфа маданиятлар ва анъаналарнинг маъно-моҳиятини англашга кўмаклашади;
китоб – яшаш ҳамда ижод қилишга доимо илҳомлантириб туради.
Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга катта эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилгани мисолида яна бир бор яққол тасдиғини топди.
Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасида юртимизда китобхонлик клуби ташкил этилди, умумтаълим мактабларига юз минглаб нусхада китоблар совға қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Шу асосда Президентимизнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Янада муҳими, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида:
биринчидан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш;
иккинчидан, китобхонликни кенг оммалаштириш;
учинчидан, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб берилган.
Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Чунки китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.
Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади.
Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 20.04.2023
- Кўришлар: 4660
- Чоп этиш