4 май куни Самарқанд шаҳрида шу мавзуда тренинг бошланди. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган машғулотлар 8 майга қадар давом этади.
Тренингда Ўзбекистон ва Россия адвокатлари иштирок этмоқда. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари Ф.Ҳайитбоев ва Д. Рашидова ҳам қатнашмоқда.
Иштирокчиларга БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактида кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлар юзасидан атрофлича маълумот берилмоқда. Бу ўринда, жумладан, шикоят қилиш ҳуқуқи, жазо, эркинлик ҳуқуқи, одил судлов ҳуқуқи, шахсий ҳаёт ҳуқуқи ҳақида сўз бормоқда.
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Ф.Ҳайитбоев тадбир очилишида сўзга чиқди. Марказ вакили Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланишини эътироф этар экан, конституциявий ислоҳотларнинг ўзига хос хусусиятларига қисқача тўхталди.
Яқтнда бўлиб ўтган референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида адвокатуранинг конституциявий-ҳуқуқий институт сифатидаги мақоми янада оширилгани бежиз эмас. Чунки ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши ҳамда ҳимоя қилиши учун юридик кўмак олишида айнан шундай юксак мақомдаги институтнинг ўрни ва аҳамияти катта.
Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари асносида адвокатура институтининг ўрни ва аҳамиятини юксалтириш борасида кўплаб таклифлар келиб тушганди. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига алоҳида боб киритиш, унда адвокатуранинг асосий мақсад ва вазифаларини белгилаш ҳамда мақомини кучайтиришга оид таклифлар асосида Бош қомусимизнинг янги, ХХIV боби “Адвокатура” деб аталди.
Тренингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти ҳақида ҳам қисқача ахборот тақдим этилди. Ўзбекистон Президентининг 1996 йил 31 октябрдаги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Миллий марказ Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.
Тренинг иштирокчиларига 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани ҳамда босқичма-босқич амалга оширилаётгани юзсидан атрофлича маълумот берилди. Бинобарин, бу ҳужжатлар айни соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, юртимизнинг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинги ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига қаратилган.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурига тааллуқли ахборотлар ҳам хорижий меҳмонлар ва тингловчиларни бефарқ қолдирмади. Ҳозирги кунда мазкур Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида жойларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Машғулотлар давомида эътироф этилганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, бу соҳадаги таълим зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам ўз самараларини беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.05.2023
- Кўришлар: 4186
- Чоп этиш