Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий қўмитасининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон вакиллари қатнашмоқда

ЖИДДА, 23 май. /“Дунё” АА/. Жидда шаҳрида ўтказилаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC) ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий қўмитасининг (IPHRC) навбатдаги 21-сессиясида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев ҳамда мамлакатимиз Бош консуллиги вакиллари ҳам қатнашаётир, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сессияда OICга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотлар экспертлари, OIC Бош котибиятининг юқори мансабдор шахслари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Ушбу тадбир “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари: OIC мамлакатлари учун меъёрий асослар ва амалиётга татбиқ этиш бўйича йўриқномалар” мавзусига бағишланди.

“Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” мавзуси доирасида БМТ ва ИҲТ ихтисослашган институтларининг халқаро экспертлари ўртасида ўзига хос баҳс-мунозаралар бўлиб ўтмоқда.

Сессиянинг навбатдаги йиғилишларида “Аёллар ва болалар ҳуқуқлари ва “Аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи” мавзусидаги семинарларнинг ўтказилиши режалаштирилган.

Сессиядаги баҳс-мунозаралар ва муҳокамалар натижаси ўлароқ, асосий тавсияларни ўзида акс эттирувчи якуний ҳужжатнинг қабул қилиниши режалаштирилган.

Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори ўринбосари Мирзатилло Тиллабоевнинг IPHRC янги ижрочи директори, OIC Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Нура ал-Рашуд хоним  билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида инсон ҳуқуқлари бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси ва истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. Турли минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Нура ал-Рашуд хоним Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар юрти бўлмиш Ўзбекистон вакили билан учрашаётганидан мамнун эканлигини айтди.

Суҳбатдошга Ўзбекистон Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75-йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Фармонида ўз ифодасини топган муҳим маълумотлар тақдим этилди.

Шу ўринда, жорий йил сентябрь ойида Тошкентда ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75-йиллигига бағишланган «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусидаги халқаро форумда иштирок этиш учун IPHRC ижрочи директори Нура ал-Рашуд хоним таклиф этилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech