“Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Ушбу дастуриламал ҳужжатда қуйидаги асосий ғоялар акс этган:

барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўриш олиш;

  • аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш;
  • аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
  • халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлат барпо этиш;
  • мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

Стратегиядаги жами 100 та мақсад қуйидаги 5 та устувор йўналиш бўйича тақсимланган:

  1. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш (таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсати, маънавият масалалари).
  2. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш (ЯИМ, бюджет, саноат, инвестиция, банк, “яшил иқтисодиёт”, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экспорт, монополиялар, IT, туризм, хизматлар, инфратузилма, уй-жой масалалари).
  3. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
  4. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш (маҳалла, маҳаллий давлат органлари, вакиллик органлари, давлат хизмати, давлат хизматлари, фуқаролик жамияти институтлари, суд-ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, адвокатура, коррупция масалалари).
  5. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш (ташқи сиёсат, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик, хориждаги ватандошлар, меҳнат миграцияси, Қуролли кучлар, фавқулодда вазиятлар, миллатлараро тотувлик масалалари).

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, жумладан, 2024 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади.

Бунда туман ва шаҳар бюджетларига тушадиган солиқ тушумларининг бир қисми маҳаллаларнинг ижтимоий-иктисодий муаммоларини ҳал қилиш жамғармаларига йўналтирилади. "Ташаббусли бюджет" ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2024 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 10 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун камида 4 триллион сўм ажратилади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб Давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.

Қарорда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиши ва келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилиши ҳам кўзда тутилган.

Банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича, фоиз ставкаси асосий ставкадан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш амалиёти татбиқ қилинади.

Шу билан бирга, 2023/2024 ўқув йилидан: умумий ўрта таълим муассасалари 10-синф ўқувчиларини касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади. Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг 7 йиллик мақсадлари эълон қилинди. Бинобарин, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра, мамлакатимиз яқин етти йил ичида даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириши, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизими яратилиши, халқ хизматидаги адолатли давлат барпо этилиши белгилаб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech