Фуқароликка эга эмас шахс мақомини белгилаш тартиб-таомилига бағишланган семинар

21 сентябрь куни Тошкент шаҳрида фуқароликка эга эмас шахс мақомини белгилаш тартиб-таомили ва 1954 йилги Фуқароликка эга эмаслик тўғрисидаги конвенция стандартларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарда Фуқароликка эга эмаслик тўғрисидаги конвенция нормалари асосида фуқароликка эга эмас шахс мақомини белгилаш тартиб-таомили, унинг процессуал кафолатлари билан боғлиқ жиҳатлар атрофлича ўрганилди. Мазкур тартиб-таомилнинг Марказий Осиё минтақаси ва бошқа бир қатор мамлакатларда амалга оширилиши туфайли эришилган натижалар ҳамда бу борадаги илғор амалиёт ҳам таҳлил этилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ва унинг Академияси, Бош прокуратура, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили девони, Олий суд, Миллий гвардия ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирок этди.

Машғулотлар аввалида Ички ишлар вазирлиги мутахассислари Ўзбекистондаги фуқароликка эга эмас шахслар масаласи юзасидан батафсил ахборот тақдим этди. Ўз навбатида, халқаро экспертлар иштирокчиларни фуқароликка эга эмас шахс мақомини белгилаш тартиб-таомилининг ўзига хос хусусиятлари билан таништирди. Бу борадаги мавжуд тенденциялар ва мақбул тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди.

 БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича мутахассислари Ўзбекистонда фуқароликка эга эмас шахслар кенг кўламдаги инсон ҳуқуқларидан эмин-эркин фойдаланаётганини эътироф этди. Шу муносабат билан халқаро шериклар томонидан  фуқароликка эга эмас шахслар сонини камайтириш борасидаги самарали ҳамкорлик учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига миннатдорлик билдирилди.

Семинар давомида Ички ишлар вазирлигининг айни соҳада амалга ошираётган мониторинг ишлари ҳам юқори баҳоланди. Маълум қилинганидек, ҳозирги вақтда мамлакатимиз ҳудудидаги 25 минг нафар фуқароликка эга эмас шахснинг 2 минг нафардан ортиғига 2023 йилнинг биринчи ярмидаёқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақоми тақдим этилган.

Тадбир якунида иштирокчилар фуқароликка эга эмас шахсларнинг сонини янада қисқартириш бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўзаро ҳамкорлик режаларини муҳокама қилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech