21-22 сентябрь кунлари Самарқанд вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бўлиб ўтди. Ушбу машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурига асосан ўтказилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Машғулотларда вилоят прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида қатнашди.
Ўқув курси давомида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенсиянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа қарши конвенцияга оид Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланиши” мавзуларида маърузалар тингланди.
Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, подполковник Қувонч Қодиров тингловчилар олдида сўзга чиқди.
Машғулотларда, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўқитувчиси, подполковник Жаҳонгир Яқубов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Фарҳод Ҳайитбоев ва Миллий марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидова ўз маърузалари билан қатнашди.
Маърузачилар томонидан қийноқнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибаларнинг моҳияти атрофлича тушунтирилди. Ушбу соҳада қатор янги таъсирчан механизмларни жорий этиш юзасидан муҳим маълумотлар берилди.
Миллий қонунчиликда қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи ҳисобланган муомала ҳамда жазо турларини қўллашни тақиқловчи нормалар мавжудлигига эътибор қаратилди. Бу борадаги умумэътироф этилган принцип ва қоидаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Маърузаларга уйғун равишда амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Машғулотлар якунида тингловчиларга сертификатлар берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.09.2023
- Кўришлар: 3249
- Чоп этиш