Экология ва бола ҳуқуқи

Бугунги кунда экология таҳдиди бир томондан ҳозирги даврга хос глобал хатар ҳисобланса, иккинчи томондан инсон ҳуқуқи соҳасидаги жиддий муаммо саналади. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши тарихда илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳитни инсон ҳуқуқининг узвий қисми сифатида эътироф этгани ҳамда бундан икки йил олдин айни йўналишда Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.

Глобал офат – “COVID-19” пандемияси табиатни муҳофаза қилиш бўйича кўп томонлама шартнома, келишувлар, жумладан 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби, Париж битими каби ҳужжатларда давлатлар зиммасига юкланган мажбурият бажарилишига жиддий халал бергани сир эмас. Натижада аксарият мамлакатлар ушбу йўналишдаги вазифалар молиялаштирилиши ва бажарилишини зарур даражада таъминлай олмаяпти.

Марказий Осиё республикалари ҳам иқлим ўзгариши ва ноқулай об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозир сув тақчиллиги сабаб экинларни суғориш имконияти чекланиб, бўлажак ҳосил бой берилмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишини хавф остига қўймоқда.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 76-сессиясидаги нутқида БМТнинг янги экологик сиёсати асосини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сургани эътиборга сазовор. Янгиланишлар талабидан келиб чиқиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафини “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ҳисобига кенгайтириш қарори қабул қилинди.

Сайёрамиздаги ҳар бир бола ва ўсмир тоза, соғлом, барқарор атроф-муҳитда яшашга ҳақли. Бинобарин, “Zamin” фонди, ЮНИСЕФ каби тузилмалар томонидан ташкил этилаётган форумларда ташвиш билан ва асосли равишда таъкидлаб келинаётганидек, бундай ҳуқуқ ҳақидаги илҳомбахш гаплар ва бутун дунёдаги миллионлаб болалар кундалик ҳаётида дуч келаётган воқелик ўртасида катта тафовут мавжуд.

Бугунги кунда ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлиб, юз миллионлаб болани хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан маҳрум қиляпти. Болалар ривожланиш жараёнига зиён етказиши, ҳаётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин, симоб каби заҳарли кимёвий моддалар таъсирини яққол сезмоқда.

Ўзбекистонда ўқувчиларга Қизил китоб совға қилинди – Ўзбекистон янгиликлари  – Газета.uz

Тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан аномал иссиқлик тўлқинини 7 марта, ўрмон ёнғинини икки баробар, қурғоқчиликни, қарийб, уч баробар кўп бошидан кечирмоқда. Бу очиқ ва аччиқ ҳақиқат, ўз навбатида, болалар иқлим ўзгаришининг кенг кўламли оқибатлари олдида заиф эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Демак, БМТ барча давлатларни болаларни иқлим ўзгариши таъсиридан ҳимоялашга чақиргани бежиз эмас. Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита яқинда аъзо давлатлар учун болаларнинг атроф-муҳитга нисбатан ҳуқуқини таъминлашда нима қилиш кераклиги ҳақидаги йўриқномани эълон қилди.

Жорий йил 28 августда эълон қилинган “Иқлим ўзгариши масаласига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, болалар ҳуқуқи ва атроф-муҳит тўғрисидаги 26-сонли умумий тартиб шарҳи” номли мазкур йўриқнома фавқулодда иқлим ўзгариши, биология хилма-хиллиги йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишига бағишланган. Болалар ҳаёти ва истиқболини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари белгиланган бу ҳужжат орқали давлатлар БМТ Қўмитасига болалар экологик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ютуқлар ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот бериши талаб қилинади.

Яъни, БМТ Бола ҳуқуқи бўйича қўмитаси биринчи марта Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияга биноан, аъзо давлатлар мажбуриятини ҳар томонлама ифода этиш орқали болаларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга нисбатан ҳуқуқини бевосита тасдиқлади.

Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда мамлакатимизда иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва иқлимга мослашиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш чораларини жадаллаштириш, “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 5 октябрдаги қарори билан 2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Ушбу ҳужжатнинг мақсади юртимизда “яшил” иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил” инвестицияни жалб қилиш, экология инқирози салбий таъсирини юмшатишдир.

2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси 26-йиғилиши (CОР26)да Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигида иссиқхона гази эмиссиясини 2010 йилги кўрсаткичга нисбатан 35 фоиз камайтириш бўйича қўшимча мажбуриятни зиммасига олиши ҳақида баёнот берилди.

O'zbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim  o'zgarishi vazirligi

Бундан ташқари республикамиз 2030 йилга қадар метан эмиссиясини 2020 йилга нисбатан камида 30 фоиз камайтириш бўйича жамоавий мақсадга эришиш бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббус (Global Methane Pledge)га қўшилди.

Яна бир муҳим қадам: Президент 2022 йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Бундан кўзланган мақсад 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдир.

Бу жараёнда, хусусан, “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежаш юзасидан саъй-ҳаракат кўламини янада кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.

Қарор асосида белгиланган стратегик мақсадларга эришиш учун, биринчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури, иккинчидан Саноат тармоғида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция, учинчидан 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатларда боланинг экологик ҳуқуқини таъминлаш масаласи қай даражада акс этган, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан, биргина ҳужжат – 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастуридан мисол келтирамиз.

Жумладан, “Яшил” иқтисодиётга ўтиш даврида жиддий таъсир остида қолиши эҳтимоли мажуд аҳоли ва шу инсонларнинг яшаш жойини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар кўрсатилган ушбу дастур белгиланган йўналишларда таълим сифати ва натижадорлигини оширишни ҳам қамраб олган. Бу ўринда болалар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун инклюзив таълимни таъминлаш, сифат ва қамровни ошириш ҳақида сўз бормоқда.

Ўз навбатида, мазкур дастурнинг “Яшил” ўсиш бўйича салоҳиятни ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга оид устувор йўналишлари қаторида таълим ташкилотларининг тегишли ўқув режасига “яшил” иқтисодиёт мавзусини киритиш кўзда тутилмоқда. Бунда тегишли таълим ташкилотларида мавжуд фанлар доирасида “яшил” иқтисодиёт амалиёти ва тамойилига оид мавзуларни киритиш вазифаси ҳам қўйилган.

Бир ой аввал Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича ҳужжат имзолангани ҳам долзарб аҳамиятга эга. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари томонидан имзоланган ушбу ҳужжат “Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекисон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегия” ҳамда ушбу ҳужжат асосида қабул қилинган “Йўл харитаси”дир.

O'zbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim  o'zgarishi vazirligi

Миллий стратегия ташаббуси экология фаоллари, жумладан, “Eco-schools Uzbekistan” лойиҳаси аъзолари томонидан илгари сурилган. ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде таъкидлаганидек, “Вазирлар имзолаган бўлса-да, бу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда болаларнинг ўзи ҳам иштирок этди. Демак, ушбу стратегия ҳар бир бола ва ёш жамиятимиз фаровонлиги ва барқарорлигига ҳисса қўшадиган истиқболли ривожланиш учун асос бўлишига ишонамиз”.

Мазкур стратегия болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги ролини эътироф этиш, соҳадаги фаол иштирокини таъминлаш, ўқув жараёнида асосий эътиборни билим бериш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларга ечим излашга йўналтиришни назарда тутади.

Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагича:

“яшил” таълимни илгари суриш бўйича миллий сиёсат ва ҳаракат режасини ишлаб чиқиш ҳамда зарур ўқув ресурсларини яратиш;

болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва фаоллаштириш учун турли манфаатдор томонлар ўртасида шериклик муносабатини ривожлантириш, авлодлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим ролини эътироф этиш;

мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида “яшил” ҳамжамият яратиш.

Энг муҳими, ушбу стратегия “яшил” таълим ва барқарор ривожланиш тизимини изчил шакллантириш учун таянч ҳужжат бўлиб хизмат қилиши лозим. Бунда сифатли экологик таълимнинг асосий тамойили, яъни узлуксизлик, фанлараро боғлиқлик, фундаменталлик ва комплекслик принциплари қайд этилгани алоҳида аҳамиятга молик.

Мухтасар айтганда, юртдошларимиз иқлим ўзгариши замонамизга жиддий таҳдид экани, одамлар, айниқса ёшлар ва болаларнинг турмуш сифатига бевосита салбий тасъсир кўрсатаётгани ҳақида якдил фикрдалиги эътиборга лойиқ. Янада муҳими, давлатимиз ва жамиятимиз ушбу муаммони кечиктирмасдан ҳал қилиш учун зарур чоралар кўриш йўлидан изчил ҳамда дадил бормоқда.

Ғулом МИРЗО, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech