Болаларни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини ошириш даражасини юксалтириш истиқболлари

22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини ва БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг бу борадаги якуний тавсияларини амалга оширишда болалар вакилларининг иштироки” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда фуқаролик жамияти вакиллари ва бевосита болалар ҳам фаол иштирок этди.

Семинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЮНИCЕФ кўмагида ташкил этилди. Тадбирда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тегишли тавсиялари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва болаларга кенг таништирилди.

Анжуман давомида, шунингдек, иштирокчилар 23 ноябрь кунига белгиланган парламент маслаҳатлашувига тайёрландилар. Айни маслаҳатлашув БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари Ўзбекистонда бажарилиши юзасидан тавсиялари ижросига оид Миллий ҳаракатлар режасида назарда тутилган масалалар муҳокамасига бағишланган.

Семинар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, ЮНИCЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Ж.Инжумба, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Минтақавий ваколатхонаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси А.Яцевич, халқаро эксперт О.Хазова иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиб, болалар ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирлар кўраётгани таъкидланди. Жумладан, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини бажариш доирасида самарали ишлар давом этмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Бу борада изчил чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани мамлакатимизда оилалар ва болаларнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашга жиддий ёндашилаётганидан далолатдир.

Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарали мониторинг механизмларини яратиш, кадрлар тайёрлаш, жамиятнинг турли қатламлари ўртасида бола ҳуқуқлари тўғрисидаги ахборотни тарғиб қилиш ва тарқатишни ўз ичига олади. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ўз халқаро мажбуриятларини бажариш доирасида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига бешта ҳисобот тақдим этган.

2022 йил август ойида мамлакатимиз делегацияси БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг сессиясида қатнашиб, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга оширишга оид Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузасини тақдим этди. Ўша йили сентябрь ойида БМТ Қўмитаси Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси бўйича ўзининг якуний тавсияларини қабул қилди.

Ушбу тавсияларни амалга ошириш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тегишли давлат органлари иштирокида, ЮНИCЕФ ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг техник кўмагида Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиш бўйича парламент комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Семинарда фуқаролик жамияти вакиллари ва болаларга Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий қоидалари ва иштирокчи-давлатларнинг тегишли мажбуриятлари тушунтирилди. БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси қандай фаолият кўрсатиши, фуқаролик жамиятининг Конвенция қоидалари ва Қўмита тавсияларини амалга ошириш борасидаги роли ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Иштирокчилар БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини таҳлилдан ўтказдилар. Конвенция қоидаларини янада самарали амалга ошириш учун миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳамда зарур механизм ва воситаларини муҳокама қилдилар.

Тадбирда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича масъул муассасалар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, “Юксалиш” миллий ҳаракати, “Мадад”, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, "Қуёшли Олам", "Шароит Плюс” каби жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларининг ўқувчи-ёшлари фаол қатнашди.

Иштирокчиларнинг кенг муҳокама ва таҳлиллари асосида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашнинг мавжуд механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур амалий тавсияларни бўлажак парламент маслаҳатлашуви асносида тақдим этишга келишиб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech