20 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида AҚШнинг Чикаго университети Ҳуқуқ мактабининг профессори ва талабалари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ҳамда Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбати доирасида аввало меҳмонлар Миллий марказнинг фаолияти билан таништирилди. Миллий марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир тавсиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Миллий марказ билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорлиги хусусида атрофлича сўз юритилди.
Чикаго университети профессор ва талабалари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва уларнинг қай тартибда бажарилиши борасида Миллий марказнинг халқаро ташкилотлар, давлат органлари ҳамда бошқа идоралар билан ўзаро ҳамкорлиги, миллий маърузалар тайёрлаш бўйича асосий вазифалари, инсон ҳуқуқларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш механизми ва амалиёти ҳамда айни соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини бажариш, миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш, халқаро шартномалар қоидаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш мавзулари меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Мулоқот жараёнида халқимиз хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгилангани, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилаётганига оид масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот тақдим этилди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашув якунида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Тадбир якунида америкалик профессор ва талабалар Миллий марказнинг кутубхонаси билан яқиндан танишдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.12.2023
- Кўришлар: 3092
- Чоп этиш