Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги Қирғизистон ОАВ нигоҳида

БИШКЕК, 30 январь. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "Аlliance-press.kg" ахборот агентлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовнинг Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган "Мамлакат устуни, давлат таянчи" сарлавҳали мақоласини эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, бу йил 9 февраль куни улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу муборак сана билан боғлиқ маданият ва маърифат тадбирларининг барчаси мантиқан бир-бирини тўлдириб, эл-юртимиз маънавиятини юксалтиришда улкан аҳамият касб этади.

"Алишер Навоий маърифатпарвар шахс сифатида ўзи яшаган даврда ҳам, кейинги даврларда ҳам тарихий манбаларда алоҳида қайд этилиб, шеърий асарларда кенг таъриф ва тавсиф қилинган, – деб ёзади муаллиф. – Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов айни соҳанинг изчил фидойи тадқиқотчиси ва пешқадам муаллифларидан бири ҳисобланади. Бу фикримизни олимнинг 2023 йилда нашрдан чиққан "Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти" номли китоби ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Ушбу китобда, муаллифнинг ўзи ҳам эътироф этганидек, "Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли энг қадимий, илк манбаларда берилган маълумотлар асосида" ёритилган".

Муаллифнинг таъкидлашича, Алишер Навоий асарлари мағзига сингдирилган ҳаётий фалсафа замирида одамийлик ва бағрикенглик, эзгулик ва адолатпарварлик ғоялари ўз мужассамини топган. Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ва учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаётган замондошларимиз шундай эзгу фазилатларнинг соҳиблари бўлиши фарзу қарздир.

"Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бугунги кунга қадар сўнмай келмоқда, айниқса, кейинги йилларда тубдан кучайиб бормоқда. Табиийки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади", – дейилади "Аlliance-press.kg" тарқатган мақолада.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech