Ўзбекистон делегацияси Доҳа шаҳрида шу мавзуда ўтказилган форумда қатнашди
6-7 февраль кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назарида озиқ-овқат адолати: воқелик ва келажак муаммолари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Юқори даражада ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Халқаро конференция Қатарнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТ тузилмалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянси ва Араб давлатлари лигаси бош котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 300 дан ортиқ ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Тадбир очилишида Қатар давлатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси раиси Марям бинт Абдуллаҳ ал-Аттиях, Қатар давлати Муниципалитети вазири Абдуллаҳ бинт Ҳамад Абдуллаҳ ал-Аттиях, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жассим Бин Моҳаммед ал-Будаиви, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ўринбосари Нада ал-Нашиф, Араб давлатлари лигаси бош котиби Хаифа Абу Газалех, БМТ Озиқ-овқат ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Майкл Фахри ва бошқалар сўзга чиқди.
Конференция иши асносида кун тартибидаги мавзу доирасида мунозаралар, таҳлиллар, билим ва илғор тажриба алмашиш учун қулай майдон яратилди. Глобал озиқ-овқат инқирозини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тушунишга тизимли муносабатни шакллантириш мақсадида халқаро ва миллий даражада озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қонунчилик, сиёсат, стратегия ва дастурлар кўриб чиқилди.
Ҳукуматлар ва халқаро компанияларни озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув билан ишлашга ундайдиган таъсирчан механизм ва воситалар таклиф қилинди. Бунда барча инсонларга бошқариладиган ва самарали қоидаларга мувофиқ йил давомида хавфсиз, тўйимли ва етарли озиқ-овқатдан фойдаланиш имкониятини бериш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йили қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида бугунги кунда дунё миқёсида глобал аҳамият касб этаётган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлагани ҳақида тўхталиш тақозо этилади. Чунки давлатимиз раҳбари ўшанда айни шу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистонда халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурганди.
Мазкур ташаббус кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди ва БМТ ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО техник кўмагида 2023 йил 7-8 сентябрь кунлари Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ташкил этилди. Форум якунида қабул қилинган Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги Самарқанд декларацияси Ўзбекистон ҳукумати томонидан ФАО техник кўмагида ташкил этилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича анжуман якунлари юзасидан эришилган келишувларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Доҳа форуми ишштирокчилари, шунингдек, барқарор деҳқончиликка эришишнинг асосий омили сифатида аҳоли, жамиятлар ва экотизимларнинг чидамлилигини оширадиган механизмларни татбиқ этиш ҳамда барча томонларнинг бу борадаги мажбуриятларига қай даражада содиқлигини назорат қилиш салоҳиятини кучайтириш муҳимлигини қайд этдилар. Томонлар ўртасида айни соҳада ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Икки кунлик тадбир давомида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг илғор тажрибаси ҳам муҳокама этилди. Форум якунида мазкур масала бўйича халқаро конфенциянинг тегишли ҳужжати қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.02.2024
- Кўришлар: 1957
- Чоп этиш