Қатарнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси раиси билан учрашув бўлди

6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг Қатар давлати Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси раиси Марям бинт Абдуллаҳ ал-Аттиях билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув Доҳа шаҳрида ўз ишини бошлаган “Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назарида озиқ-овқат адолати: воқелик ва келажак муаммолари” мавзусидаги халқаро конференциянинг биринчи куни доирасида ташкил этилди.

Томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи доирасида 2023 йили Доҳада имзоланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Қатарнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ижроси ҳолатини кўриб чиқдилар. Шунингдек, икки давлат ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Қатар давлатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси раисини жорий йилда мамлакатимизда ўтказиладиган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми”га таклиф этди. Марям бинт Абдуллаҳ ал-Аттиях хоним дўстона таклифни мамнуният билан қабул қилди.

А.Саидов Доҳа шаҳрига ташрифи давомида, шунингдек, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти директори Турки Абдулла Заид Ол Маҳмуд, Туркия Республикаси Омбудсмани Шереф Малкоч, Уммон давлатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Рашид Ҳамад Ҳумаид ал-Балуши, Гана Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Жозеф Витал билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Бу учрашувларда томонлар билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди. Ҳамкор давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари самаралари муҳокама этилди.

Мамлакатимиз делегацияси раҳбарининг Қатар Парламенти Спикери Ҳассан бин Абдулла ал-Ганим ва бошқа расмий шахслар билан ҳам учрашувлари ўтказилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech