ВАРШАВА, 9 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида «Ўзбекистон ва Европарламент ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига янгича ёндашув» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, давлат органлари, фуқаролик ва илмий жамиятлар, таҳлилий доиралар, Польша оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчиларга халқаро тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий йўналишлари, янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, Ўзбекистон-Польша муносабатларининг ижобий характери ва динамикасини, савдо, меҳнат миграцияси ва маданий алмашинув масалаларида ҳали фойдаланилмаган салмоқли салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.
«Ўзбекистон парламенти вакиллари билан жуда яхши учрашув бўлди. Гап алоқаларимиз ҳақида кетяпти, бу муҳим, чунки Марказий Осиё энди нафақат Европа Иттифоқи, балки Польшанинг ҳам диққат марказида. Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳайратланарли, иқтисодиёт ҳар йили ўртача 6 фоизга ўсмоқда. Ўзбекистон Президентининг халқаро майдондаги фаоллиги ҳайратланарли. Расмий Тошкент кўп томонлама дипломатия олиб бормоқда. 2023 йилда давлатингиз раҳбарининг Франция ва Германия етакчилари билан учрашувлари, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити ва бошқа учрашувлар бунинг далилидир», - деди «Польша-Осиё» савдо-саноат палатаси раҳбари Януш Пехочинский.
- Қўшилди: 12.02.2024
- Кўришлар: 2080
- Чоп этиш