Варшава шаҳрида Ўзбекистон-Польша парламентлараро музокаралари бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Польшага ташрифи доирасида Сейм ( қуйи палата) раиси ўринбосари Кристоф Босак ва Сенат вице-маршали Михал Каминский билан учрашув ўтказди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.

Учрашувларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш, савдо, транспорт йўлаклари, «яшил» иқтисодиёт ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар икки давлатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий доира вакиллари ўртасидаги алоқалар фаоллашганини қайд этган ҳолда, давлатлараро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини амалга ошириш учун самарали шартномавий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Польша парламентларининг сармояларни жалб этиш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасидаги алоқалар кўламини кенгайтириш, таълим ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Сейм спикери ўринбосари Кшиштоф Босак Ўзбекистон томонига Польша парламенти билан конструктив мулоқот, ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги учун миннатдорлик билдирди. Парламент аъзосининг айтишича, сўнгги пайтларда ЕИда иқлим бўйича кун тартиби мустаҳкамланган ва аъзо мамлакатлардаги ишлаб чиқарувчилар учун турли тўловлар жорий этилган.

Сенат вице-маршали Михал Каминскининг таъкидлашича, Польша икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдоридир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги барқарорлик Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва интеграция жараёнларини фаоллаштиришнинг калити ҳисобланади. «Марказий Осиё давлатларида барқарор хавфсизликни таъминлаш Польша томони манфаатларига тўлиқ жавоб беради», — деди у.

Польша томони жорий йилнинг март ойида Тошкент – Варшава тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйилиши Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигини ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech