ТОШКЕНТ, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қатар Шўро Кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ҳамда Қатар Шўро Кенгашининг Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент қуйи палатаси маълумотига кўра, унда Олий Мажлис томонидан Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон–Қатар парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Нодир Жумаев, Қатар Шўро Кенгаши томонидан Молиявий ва иқтисодий ишлар масалалари қўмитаси аъзоси, Қатар Шўро Кенгаши Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Хитми ҳамраислик қилишди.
Суҳбат аввалида Қатар томонига мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан қабул қилинган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Томонлар алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида икки мамлакат парламентларида тузилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари ўртасидаги бу каби мунтазам равишда ташкил этиладиган учрашувлар ўзаро муносабатларни янги поғонага олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этишди.
Қатар Шўро Кенгаши Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юксак баҳо берди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат натижасида Марказий Осиёда бутунлай янги ишонч ва ўзаро англаш муҳити шакллангани, шунингдек минтақанинг бошқа мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан алоқалар сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилганини таъкидлади.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, савдо-инвестицион, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги келишувларнинг ижросини таъминлашда парламент таъсирини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қатар Шўро Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Меморандумни имзолаш таклифи билдирилди.
Қатар томони келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо, инвестиция, илм-фан ва таълим, маданият ва спорт ҳамда транспорт соҳаларида шерикликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтириш ҳамда ушбу йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, томонлар ўзаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун Қатар компанияларининг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қатар бозорига экспорт қилиш йўлида ҳамкорликни кучайтириш, икки давлат фуқаролари учун қулай сайёҳлик шароитларини яратиш, маданият, спорт ва миллий маданий меросни асраб-авайлаш соҳаларида янги келишувларга эришиш, икки давлат вакилларининг турли тадбирлардаги иштирокини таъминлаш ва бошқа муҳим масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтди.
- Қўшилди: 15.02.2024
- Кўришлар: 2383
- Чоп этиш