Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар Гаагада эътироф этилди

ГААГА, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бошчилигидаги делегация ташриф билан Гаагада бўлди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

 Шу йилнинг 13-14 февраль кунлари бўлиб ўтган ташриф доирасида Ўзбекистон томони бир қатор тадбирларда қатнашди ва кўплаб муҳим учрашувлар ўтказди.

 Жумладан, сафар давомида Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Нидерландиянинг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий ва гуманитар доира вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Хориж томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Нидерландия вакиллари Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар доирасида амалга оширилган демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим ўзгаришларни ижобий баҳолашди.

Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати натижасида соғлом сиёсий ва иқтисодий муҳит, яхши қўшничилик ва қардошлик анъаналари мустаҳкамланаётгани алоҳида таъкидланди. Марказий Осиёнинг жаҳон сиёсатидаги ўрни, унинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганига қайд этилди.

 Мамлакатимиз делегациясининг Нидерландия парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ва аъзолари билан бўлиб ўтган учрашуви давомида нидерланд депутатлари Ўзбекистонда юз бераётган кенг кўламли демократик ўзгаришларга катта қизиқиш билдирдилар. Ўзбекистон жадал ривожланаётгани, республикадаги барқарорлик ва аҳоли фаровонлиги асосий ютуқлар сифатида эътироф этилди.

Республиканинг кўп векторли фаол ташқи сиёсати, етакчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан йўлга қўйилган тизимли ҳамкорлиги ижобий баҳоланди. Икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech