Ўзбекистон вакилининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясининг олий даражадаги сегментидаги иштироки Европа экспертлар ҳамжамияти нигоҳида

БРЮССЕЛЬ, 5 март. /"Дунё" АА/. Европа геосиёсий форуми сайтида "Акмал Саидов: Ўзбекистон БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотга, шунингдек, дунёнинг барча давлатлари билан кенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка ҳамиша тайёр" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Мақолада хабар қилинишича, Женевада бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиянинг Олий даражадаги сегментида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов маъруза билан иштирок этди.

 

"Конституцияда биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам халқаро, ҳам миллий органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. "Миранда қоидалари" ва "Хабеас корпус" каби халқаро миқёсда тан олинган юридик институтлар конституциявий мустаҳкамланди. Шунингдек, бепул юридик ёрдам кўрсатишни назарда тутадиган "Pro bono" институти ҳам конституциявий мақомга эга бўлди", – дейилади Европа геосиёсий форуми сайтида.

 

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилган билдирилди. Мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, эндиликда нафақат болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш кафолатланди, балки бундай ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ҳам жорий этилди. Шунингдек, мамлакатда аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун қабул қилинган.

 

"Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ва ЕХҲТ/ДИИҲБ билан ҳамкорликда жорий йил июнь ойида иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқларига бағишланган IV Самарқанд форумини ўтказади. Шу муносабат билан Акмал Саидов ўз сўзининг якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 55-сессияси иштирокчиларини ушбу форумга таклиф этди", – дейилади мақолада.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech