Жорий йилнинг 3 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент комиссияси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари масъуллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ҳамда журналистлар иштирок этди.
Комиссия йиғилишини Парламент комиссияси раиси А. Саидов олиб борди.
Йиғилиш аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан тайёрланган 2023 йилда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисида ахбороти тингланди.
Қайд этилганидек, 2023 йилда мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа — янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ референдуми йўли билан қабул қилинди. Унда “давлат-жамият-инсон” тамойили “инсон-жамият-давлат” принципига ўзгартирилди. Яъни инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳамма нарсадан устун қўйилди.
Шунингдек, навбатдан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жараёнларида сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 34 минг 338 нафар шахсларга овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти берилди. 2016 йилдан буён инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар 4 та давлатдан 3 тасида ёмонлашган. Шунга қарамай, Ўзбекистон минтақавий рейтингда 15 та давлат ичида 8-ўринни эгаллади. 2016 — 2023 йиллар оралиғида 77 фоиз давлатларда асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш индексида сезиларли пасайиш кузатилган бўлса, Ўзбекистонда бу соҳада ўсиш қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича 78 банддан иборат “Йўл харитаси” қабул қилинган. Айни пайтда 63 та банд бўйича ишлар бажарилган, 1 та банд назоратдан ечилган, 14 та банд амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши Ишчи гуруҳининг 44 сессиясида Ўзбекистон томонидан тақдим этилган маъруза бўйича 84 та давлат сўзга чиқди ва 244 та тавсия берилди. Ушбу тавсияларда Ўзбекистонда сўз ва ОАВ эркинлигини таъминлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, инсон ҳуқуқлари бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, коррупция, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарали натижалари эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг 2023 йилда халқаро мажбуриятларни амалга ошириш бўйича тақдим этган маълумотлари комиссия аъзолари томонидан олдинда турган ишларни белгилаш, уларни амалиётга татбиқ этишда аҳамият қаратилиши лозим бўлган соҳаларни аниқлашга ёрдам бериши таъкидланди.
Йиғилишда комиссия аъзолари “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пакт қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижросини муҳокама қилдилар.
Маълум қилинганидек, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракат режасининг 34 та бандида белгиланган вазифаларнинг 11 та банди бўйича ишлар бажарилган. 5 та банд бўйича ижро муддати узайтирилган бўлса, 18 та бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шунингдек, йиғилишда “БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024 — 2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси”нинг ижроси тўғрисидаги маълумот муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
- Қўшилди: 06.05.2024
- Кўришлар: 1764
- Чоп этиш