Жорий йилнинг 13 май куни БМТ Бош котиби ўринбосари, “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори С.Бахус Осиё хотин-қизлари форумининг очилишида табрик сўзлади.
Нутқи давомида қуйидаги фикрлар билдирилди:
Ўзбекистон Президентига мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини тарғиб қилишга содиқлиги, ушбу форумни ўз вақтида ўтказиш ташаббуси учун миннатдорчилик билдираман.
Дунёдаги ижобий тенденциялар қайд этилди:
- меҳнат қонунчилигида тенг ҳуқуқлилик кучайтирилмоқда.
- жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида раҳбарлик лавозимларида аёллар учун квоталар ва директорлар кенгаши аъзолиги ҳақиқатга айланди;
- оналар ўлими қисқариши давом этмоқда;
- бошланғич таълим олиш имкониятига эга бўлган қизлар сони тобора ортиб бормоқда;
- кўплаб соҳаларда, шу жумладан, иқтисодиёт соҳасида ҳам гендер тенглик борасида муваффақиятга эришилди. Мисол учун, Ўзбекистонда тенг қийматдаги меҳнатга тенг ҳақ тўлаш жорий этилди, хотин-қизларни саноат корхоналари ва хавфли деб топилган ишларга жалб қилиш бўйича чекловлар олиб ташланди. Биз бу қарорларни қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, дунёда юз бераётган кўплаб инқирозлар кўпроқ аёллар ва қизларга ўз таъсирини ўтказади. Бунинг ёрқин мисоли Ғазодир. Мен тезда ўт очишни тўхтатишга чақираман.
Ҳар учинчи аёл ҳали ҳам зўравонлик ва таъқибларга дучор бўлмоқда. Асосий сабаб – камситувчи нормалар ва қонунчилик тизимларидир.
Аёллар ўртасида ишсизлик даражаси 50 фоизни, эркаклар орасида эса 30 фоизни ташкил этади.
Аёллар эркакларга қараганда ўртача 20 фоизга камроқ маош олади. Улар кўпинча бандлик кафолатлари таъминланмаган ишларда ишлайди, улар меҳнат қонунчилиги билан ҳимояланмаган ва пенсия ёки тиббий суғуртага эга эмас.
Аёлларнинг 60 фоизи иқтисодиётнинг норасмий секторида банд. Даромад даражаси кам бўлган мамлакатларда бу кўрсаткич 90 фоиздан ошади.
Ҳар ўнинчи аёл ҳали ҳам ўта ночор яшамоқда.
Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга инвестиция киритиш бутун дунё учун катта дивидендлар келтирмоқда... Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссия сессияларининг якуний тавсиялари бажарилишини таъминлашга чақираман.
Кейинги йил Аёллар ҳолати бўйича Бутунжаҳон конференциясининг (1995) Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганига 30 йил тўлади. 2025 йил март ойида бўлиб ўтадиган Аёллар ҳолати бўйича комиссиянинг 69-сессияси доирасида жаҳон мамлакатлари сарҳисоб қилиш ва мажбуриятларга ўзининг содиқлигини тасдиқлаш имкониятига эга.
Парчаланиш ҳукм сураётган дунёда сентябрь ойида бўлиб ўтадиган саммити ишончни тиклаш ва умумий келажакни қандай ҳимоя қилиш ҳақида янги халқаро консенсусни шакллантириш учун ноёб имкониятни тақдим этади. Бу, шунингдек, молиявий институтлар ва тизимлар хотин-қизлар ҳамда эркаклар манфаатига ишлаши учун очиқ бўлишини таъминлаш учун имкониятдир.
Қуйидагиларга даъват қиламан:
- ривожланишни молиялаштириш бўйича мажбуриятларга гендер муаммосини киритиш;
- гендер жиҳатларни ҳисобга оладиган иқтисодий ва ижтимоий сиёсат юритиш;
- хотин-қизлар ташкилотлари ва бирлашмаларини молиялаштириш.
Асосийси, бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишдир. Биз умумий қарашларни шакллантириш, умумий ечимларни ишлаб чиқиш, биргаликда ҳаракат қилиш ва умумий ҳисобдорликни таъминлашни зиммамизга олиш учун бирлашамиз.
Барчамизга самарали фикр алмашишни тилайман ва бизни тарихий Самарқандда қабул қилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига яна бир бор миннатдорчилик билдираман.
Самарқанд шаҳри ушбу минтақада аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни муҳокама қилиш учун кўнгилдагидек маскандир, келинг, бу ерда ҳам, ташқарида ҳам ҳаммамиз бирлашайлик.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
ЎзА
- Қўшилди: 13.05.2024
- Кўришлар: 1717
- Чоп этиш