Фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар кучайтирилмоқда.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари ҳукуматлари вакиллари ўз мамлакатлари барча болаларнинг туғилганида рўйхатга олинишини таъминлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаш учун Тошкент шаҳрида учрашди.
Тадбир БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Фуқаросизлик, яъни фуқароликка эга эмаслик – ҳеч бир давлат муайян шахсни ўз фуқароси деб тан олмайдиган ҳолат. Бу муаммо бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар, жумладан, фақат Марказий Осиёнинг ўзидагина 37 мингдан ортиқ кишининг тақдирига таъсир кўрсатмоқда.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар аксарият ҳолларда таълим олиш, муносиб ишга жойлашиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва эркин ҳаракатланиш каби асосий ҳуқуқлардан маҳрумдир.
Шу маънода, боланинг туғилганлиги ҳолатини рўйхатга олиш унинг ҳуқуқий мақомини таъминлайдиган ва келгусида жамият тараққиётида фаол иштирок этиш имконини берадиган дастлабки ва энг муҳим қадамдир.
Бу ҳуқуқий мақомга эга бўлган шахслар солиқ ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий суғурта бадалларини қонун доирасида тўлаш имконидан фойдаланади. Қолаверса, ўз ҳамжамиятларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов миллий қонунчиликка 2018 йили юртимизда туғилган барча болалар учун туғилганликни қайд этишни кафолатловчи ўзгартиришлар киритилганини қайд этди. Натижада сўнгги беш йилнинг ўзида фуқаролиги бўлмаган шахслар сони 75 фоиздан кўпроққа қисқаришига эришдик.
– Ҳаммани шахсини тасдиқлайдиган юридик ҳужжатлар билан таъминлаш, шу жумладан, болаларга уларнинг туғилганлиги ҳақида расмий қайднома тақдим этиш масаласи 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида мустаҳкамлаб қўйилган, – деди БМТнинг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал. – Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаросизлик ҳолатларини камайтириш ва йўқотиш бўйича саъй-ҳаракатлари муҳим натижалар берганини БМТ юқори баҳолайди. Бинобарин, бу ютуқлар мажбурий кўчирилган ва фуқаролиги бўлмаган инсонларнинг четда ёлғизланиб қолмаслиги ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшиши учун хизмат қилади.
Конференцияда 2014 йили БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан фуқаросизликка барҳам бериш учун #IBelong глобал кампаниясига старт берилгани таъкидланди. Жорий йилда якунига етаётган мазкур ўн йиллик кампания бутун дунё давлатларида фуқаросизликни камайтириш ва йўқотиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил кучайишига туртки бўлди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 20.05.2024
- Кўришлар: 1699
- Чоп этиш